Самарқанд шаҳри маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум
Бугундан шаҳарнинг Регистон, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари, Амир Темур мақбараси, «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази, «Боқий шаҳар» ва ўнлаб объектлар маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум бўлди.
- Мустақиллик байрами муносабати билан берилган дам олиш кунларидан фойдаланиб, тарбиячилар учун тарихий шаҳарга саёҳат ташкил қилдик, - дейди Наманган вилояти Уйчи туманидаги "Жажжи профессор" оилавий боғчаси директори Одина Абдуллаева. - 17 кишилик жамоамиз билан уч кун шу ерда бўламиз. Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр ва Шоҳи Зинда мажмуаларини зиёрат қилдик. Шунингдек, бугун Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурида иштирок этамиз ва яқинда барпо этилган туризм марказига боришни режа қиляпмиз.
- Самарқанд буюк алломалар қолдирган мерос, тарихий обида ва муқаддас қадамжолари билан ўзига жалб қилди, - дейди дубайлик сайёҳ Лулва. - Бу азим шаҳар ҳақида кўп бор эшитгандим ва бу ерга келиб, таърифлангандан кўпроқ таассуротга эга бўлдим. Дубайда Самарқандни кўриш истагида бўлганлар кўп ва бу ҳақда мен кўрсатув ҳам қилмоқчиман.
Фазлиддин Рўзибоев.