Самарқанд шаҳрида 10 дан ортиқ бино шаҳарсозлик меъёрларига зид равишда қурилаётгани аниқланди
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан Самарқанд шаҳрида қурилаётган уйларда мониторинг ишлари олиб борилди.
Мониторинг давомида Самарқанд шаҳар Фарҳод кўчаси 2-манзилда, шаҳарнинг Гагарин кўчаси 36-манзилда, Спитаменшоҳ кўчаси 264-манзилда, Илғор кўчаси 25-манзилда, Боғдод кўчаси 26-манзилда, М-37 магистраль автомобиль йўли ёқасида ҳамда Қорасув массивида қурилаётган кўп қаватли турар-жой бино қурилишлари ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан амалга оширилаётганлиги маълум бўлди.
Масалан, Самарқанд шаҳар Илғор кўчаси 25-манзилда "R.I." МЧЖ томонидан қурилаётган турар-жой биноларининг қурилишлари ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмаган. Ушбу қурилиш ўзбошимчалик билан олиб борилаётгани сабабли шу йилнинг март, май ойларида огоҳлантириш хатлари, 27 июлда эса қурилишни тўхтатиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган. Бироқ қурилиш ишлари давом эттирилган. Шу сабабли МЧЖ раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан маъмурий жазо қўлланилган.
Ушбу турар жой биносидаги қурилиш ишларининг сифати ўрганилганда қурувчи томонидан қатор камчиликлар ҳам қайд этилган. Хусусан, ёпма темир бетон плиталар монтаж қилинганда оралиқ масофаси лойиҳада 14 сантиметр қолдирилиши кўрсатилган, бироқ жойида 5 сантиметр масофа қолдирилган. Қурилиш материалларини сақлаш учун махсус омборхоналар ташкил қилинмаган, оқибатда арматуралар коррозияга учраган. Пардеворларда терилган газоблокларнинг вертикал ва горизонталь чоклари қоришма билан тўлиқ тўлдирилмаган, арматураланган зилзилага қарши камарлар ишчи лойиҳа асосида бажарилмаган. Шунингдек, объектга олиб келинган плиталар сифати белгиланган талабларга жавоб бермаган.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан фуқаро ва тадбиркорларга ёзма кўрсатмалар берилди. Шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб, инспекция рўйхатидан ўтказилганига қадар объектларда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилди.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати.