Самарқанд шаҳрида "ГАИ" ходимига пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди

25 ноябрь куни Самарқанд шаҳри Бўстонсарой кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори "Ласетти" русумли автомашинани тўхтатган вақтида, ҳайдовчи уловни ҳужжатсиз бошқариб юрганлиги аниқланган.

Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига инспекторга 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилган. Ходим унга пора бериш жиноят эканлигини бир неча маротаба тушунтирса-да, ҳайдовчи кечроқ келишини айтиб кетган.

Ҳолат юзасидан инспектор билдирги билан мурожаат қилган.

Мазкур билдиргига асосан ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси бўлими ва Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро 100 АҚШ доллари миқдордаги пулларни ЙПХ инспекторига берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.