Самарқанд шаҳрида иккита боғча замонавий қиёфа касб этди

Вилоят ҳокими ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги 56 ва 64-мактабгача таълим муассасалари замон талабларига мос равишда қайта таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди.

«Олтин аср» маҳалласида фойдаланишга топширилган 180 ўринли 56-МТМ биноси 1 миллиард 350 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирланиб, 224,3 миллион сўмлик мебель жиҳозлари билан жиҳозланди.

- Бугун мактабгача таълим тизимига қаратилган эътибор туфайли боғчамиз замонавий қиёфа касб этди, - дейди боғча мудираси Шаҳноза Ғиёсова. - Муассаса хоналари янги мебеллар билан жиҳозланиб, болаларнинг соғлом вояга етиши ҳамда сифатли таълим олиши учун барча шароитлар яратилди. Жумладан, мусиқа зали, ошхона, кичик кутубхона, инглиз тили хонаси, ёзги айвонча, мини футбол майдони ва чўмилиш ҳавзалари болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш учун ташкил этилди.

Шунингдек, Рўдакий маҳалласидаги 64-мактабгача таълим муассасасининг икки биноси ҳам қайта таъмирланиб, 360 нафар болажонни ўз бағрига олди.

Боғчада 12 та замонавий кўринишдаги ёзги айвончалар ва деворлари қайтадан қурилиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Маълумот ўрнида: Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 172 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб, шундан 96 та давлат мактабгача таълим муассасалари, 24 та нодавлат, 50 та оилавий ва 1 та ташкилот (Ички ишлар бошқармаси)га қарашли боғчалар ташкил этади.