Самарқанд шаҳрида “Ипак ва Ипак йўли: Ханчжоудан Самарқандгача” кўргазмаси иш бошлади
Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий ва тарихий меросига бағишланган ушбу кўргазмада Самарқанд археология институти, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси ва Ханчжоудаги Хитой миллий ипак музейига тегишли 86 та буюм намойиш этиляпти.
Жорий йил Хитой миллий ипак музейида ХIХ Осиё ўйинлари муносабати билан “Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси” бўлиб ўтган эди, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори Хўжақул Муҳаммадиев. - Унда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маҳаллий жамоатчиликка мамлакатимиз музейларида сақланаётган 20 та экспонат тақдим этилган эди. Самарқанд кўргазмасида Хитой миллий ипак музейи 26 та намойиш ашёсини ҳавола этяпти. Ушбу кўргазмага ташриф буюрувчилар Цин сулоласи даврига оид ипак намуналари, суратли газлама тўқиш дастгоҳи, либослар ва шойи маҳсулотларини кўздан кечириш имкониятига эга бўлади.
Жумладан, унда милоддан аввалги II ва милодий IV асрга оид Афросиёб харобаларига тегишли ноёб теракота ҳайкалчалари, VIII-XI асрларга тааллуқли сопол буюмлар, Тошкент вилояти Мунчоқтепа қишлоғида олиб борилган қазишмаларда топилган шиша ва бронза буюмлари ўрин олган.
Кўргазма 2024 йилнинг 15 сентябрига қадар давом этади.