Самарқанд шаҳрида яна 4 та давлат хизматлари марказлари ишга тушади
Бугун адлия вазири Акбар Тошқулов Самарқандда хизмат сафарида бўлиб, вилоятдаги адлия органларида тизим ходимларининг иш шароитлари, жараёндаги муаммолар ҳамда давлат хизматчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги имкониятларни кўздан кечирди.
Жумладан, Самарқанд шаҳар адлия бўлими, Давлат хизматлари марказида бўлиб, бу ерда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат хизматларидан янада қулай, осон фойдаланишлари учун яратилаётган имкониятлар кўлами билан танишди. Уларни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини берди. Шунингдек, марказда хизматлардан фойдаланишда йўлга қўйилган янги тажриба — “осон”, “ўрта” ҳамда “мураккаб” тоифалар, бошқа қулайликларни кўздан кечирди.
Маълумки, Самарқанд шаҳри “Миллионли шаҳар”га айлантирилмоқда. Натижада шаҳарнинг ўзи 5 та туманга бўлинади. Қорасув, Сиёб, Сўғдиёна, Боғишамол ва Мароқанд туманлари шулар жумласидандир. Бу ўз навбатида шаҳар аҳолисининг давлат хизматларидан фойдаланишлари учун янада кенг шароитларни яратишни тақазо этади. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида келгусида бир нечта янги марказ бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Адлия вазири тизим масъуллари билан ўзаро мулоқотда бу борада аҳамият қаратилиши лозим бўлган муҳим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларни ўртага ташлади, таклифлар билан қизиқди, керакли тафсияларни берди.
Хизмат сафари давомида адлия вазири Самарқанд вилоят юридик техникуми биносини ҳам кўздан кечирди. Муассаса фаолияти, амалга оширилаётган ишлар билан танишди.