Самарқанд шаҳридаги Дари-занжир маданий мероси муҳофазага олинди

Шу йил 24 февраль куни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда “Самарқанд шаҳридаги Дари-занжир маданий мероси асраб қолинадими?" сарлавҳаси остида  танқидий мақола эълон қилинган эди.

Мақолада темурийлар қадами етган, бугунги кунда харобага айланган ёдгорлик тез фурсатда муҳофозага олинмаса, йўқолиб кетиши мумкинлиги ҳақида ёзилган эди. 

Вилоят маданий мерос бошқармаси масъулларининг айтишича, бугунги кунда ёдгорликни асраб қолиш учун амалий ишлар бошланган. 

Дари-занжир моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган бўлиб, маҳалла биноси рўпарасида жойлашган,  - дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимов. - Ёдгорлик тўрт ҳужрадан иборат ва ҳозирда хароба ҳолатга келиб қолган эди. Мажмуанинг лойиҳа сметалари ишлаб чиқилиб, объектнинг таъмирлаш-тиклаш ва муҳофазага олиш ишлари учун 415 миллион сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда маданий мероснинг том қисми ёпилмоқда ва ишлар тугагач, ҳужра хоналарида ҳам реставрация ишлари бошланади.

Вилоят маданий мерос бошқармаси маълумотларига кўра, Самарқандда 130 та маданий мерос объекти йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Юртимиз маданияти ва тарихи акс этган, буюк аждодларимиздан мерос ушбу ёдгорликларни асраш, муҳофазага олиш, реставрация ва консервация қилиш ишлари қандай кетмоқда? 

- Вилоятда 1607 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган, - дейди З.Насимов. - Уларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари ва 34 таси диққатга сазовор жойлардир. Мавжуд объектларнинг 1011 таси республика аҳамиятидаги, 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 221 таси шахсий мулкдаги тураржой бинолари ҳисобланади. 

2023 йилда вилоятда муҳофозага муҳтож 14 маданий мерос объекти реставрация ва консервация қилинган эди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 447 миллион сўм маблағ эвазига Самарқанд шаҳридаги “Халқлар дўстлиги ва бағрикенглик музейи”, Руҳобод, Шоҳи Зинда мажмуалари, Хўжа Дониёр мақбараси, Авлиё Георгий черкови ҳамда Оқдарё туманидаги “Баҳодир Ялангтўш” масжидида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Йил якунига қадар яна манзилли рўйхат асосида Самарқанд шаҳрида 16 та, Каттақўрғон шаҳар, Нуробод, Оқдарё  ва Булунғур туманларида биттадан моддий маданий мерос объектлари таъмирланади ва бунинг учун қарийб 14 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Маълумотларга кўра, вилоятда ўтган давр мобайнида 170 дан зиёд янги археология маданий мерос объектлари аниқланган ва уларни  рўйхатга олиш учун Маданий мерос агентлигига таклиф билдирилиб, ёдгорликларни муҳофаза қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада доимий равишда давлат назоратини амалга ошириш ишлари давом этмоқда.