Самарқанд шаҳридаги спорт-таълим муассасаларида шуғулланиш учун шароит яратилганми?
Самарқанд шаҳридаги спорт-таълим муассасаларида шуғулланиш учун яратилган шароитлар, спорт иншоотларининг ҳолати ва уларнинг санитария талабларига мослиги соҳа мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўрганилди.
Шаҳардаги 2-спорт мактабига қарашли тўртта спорт иншооти бўлиб, 1595 нафар ўғил-қиз 24 та спорт тури бўйича шуғулланмоқда. Спорт мактаби директори Бекзод Пўлатовнинг таъкидлашича, спортчилар ўтган йил Ўзбекистон, Осиё, жаҳон кубоги ва чемпионатларида 102 та олтин, 103 та кумуш ва 167 бронза медалини қўлга киритган. Аммо муассаса фаолияти ўрганилганда иншоотларнинг таъмирталаблиги, уларнинг санитария ҳолати яхши эмаслиги аниқланди.
Хусусан, мактаб ҳудудида спорт жиҳозлари синиб ётибди, кийим алмаштириш ва ювиниш хоналари тартибсиз. Муассасага қарашли «Сартепа» футбол ўйингоҳининг ўриндиқлари таъмирга муҳтож бўлса, 2004 йилдан бери таъмирланмаган «Нафис» футбол стадиони ва самбо кураш залида сув таъминоти бўйича муаммолар бор. Шунингдек, спортнинг камондан отиш ва қиличбозлик турлари билан шуғулланиш учун спорт ҳамда тиббиёт жиҳозларига эҳтиёж мавжуд.
Шаҳардаги 1-спорт мактабининг ҳолати бир мунча яхши. Муассасада 1348 нафар ёшлар 26 та спорт тури бўйича шуғулланмоқда. Спортчиларнинг 40 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси бўлиб, ўтган йил мамлакат ва халқаро мусобақаларда 250 дан ортиқ медални қўлга киритган. Бироқ мактабда асосий муаммо – 160 ўринга мўлжалланган ёпиқ сузиш ҳавзаси носоз ҳолатда.
Сузиш ҳавзаси қурилгандан буён тўрт мавсум тўлиқ ишлагани йўқ, - дейди спорт мактаби директори Шавкат Бозоров. - Чунки объектнинг иссиқ ва совуқ ўтказадиган изоляция қисми таъмирталаб. Шу боис иншоот ёзда иссиқ, қишда совуқ бўлади. Бундан бир неча йил олдин вазирликкача қилинган мурожаатдан сўнг иншоотни таъмирлаш Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси дастурига ва яқинда вилоят дастурига ҳам киритилган эди. Аммо масала ҳануз ҳал этилмаяпти.
Кейинги манзил спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби бўлди. Яқинда ушбу муассасада қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланганлиги айтилган эди. Аммо мактаб ҳудудига кирар эканмиз, янгидан қурилган асфальтнинг чўкиб кетгани турли чиқиндилар тўпланганию, спорт залида тозалик ишлари олиб борилмагани эътиборимизни тортди.
Ҳолат юзасидан мактаб директори Қаҳрамон Рауповнинг маълум қилишича, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабига қарашли олимпия ўйингоҳи, баскетбол, гандбол, бадминтон ва кураш залларида «Амон Бобо Люкс» АКТ МЧЖ ҳамда «Бунёд Капитал Инвест» МЧЖ корхоналари томонидан 2019 йилдан буён реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳага кўра, иккала қурувчи ташкилот томонидан иншоотларда 15 миллиард сўмдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши керак эди. Аммо жараён тўлиқ бажарилмаганлиги боис ҳозирда объектларда қайтадан реконструкция ишлари давом этмоқда.
Ўрганиш давомида Самарқанд шаҳридаги якка кураш бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби, олимпия ва паралимпия турларига тайёрлаш маркази, гимнастика ва сув спорти комплексларида ҳам санитария-гигиена қоидалари талаб даражасида эмаслиги, иншоотларнинг таъмирталаблиги ва чиқинди ташлаш учун махсус контейнерларнинг йўқлиги, спорт жиҳозлари етишмаслиги ҳамда баъзи муассасаларда тиббий дафтарчалар белгиланган нормаларга зид равишда юритилаётганлиги аниқланди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.