“Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ диққатига: Шаҳарда сув исроф бўлмоқда

Бундан уч кун олдин Самарқанд шаҳар Улуғ Турсунов кўчасида ичимлик сув оқиб ётгани ҳақида хабар берилган эди. Мутасаддиларга “ҳеч бўлмаса қувур ёриғини топиб, ёғоч пона тиқиб қўйиш” даъват этилганди. Афсуски, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖда ёғоч тиқин ҳам топилмаганга ўхшайди. Ҳамон бу ерда сизиб чиқаётган сув кўчаларни ювиб турибди.

Бугун шаҳарда яна бир худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Кўксарой майдони (Вилоят “Асака банк”и рўпараси)да чиқаётган тоза ичимлик сув беҳуда исроф бўляпти.

Дарвоқе, яқиндагина битта сув ҳисоблагичнинг ҳужжатида (ўзида эмас) камчилик бўлгани учун 100 йиллик жарима қўлланилган тадбиркор ҳақида журналистлардан бири “Сувнинг қадри бор, истеъмолчиники йўқми?” дея жон куйдирганди.

Энди савол, ҳисоблагич ҳужжати эмас, зилол сувнинг суткалаб, балки ҳафталаб оқиб ётгани учун жавобгарликни ким гарданига олади?