Самарқанд театри Суғдда илиқ кутиб олинди

Спектаклдаги асосий ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар - Темур Пардаев, Меҳри Ҳакимова, Баҳрулло Раҳимов, Бахтиёр Раҳимов, Солижон Ҳакимов,  истеъдодли актёрлар Жўрабек Ёрқулов, Шоҳсанам Раҳимова ижро этишди.

-  Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан халқларимиз орасида азал-азалдан давом этиб келаётган дўстлик алоқаларини давом эттиришлари учун имконият яратилди, - дейди Самарқанд вилояти мусиқали драма театри раҳбари Камолиддин Қоржовов. -  Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар ҳар икки халқ манфаати йўлида изчил мустаҳкамланиб бораётгани биз, театр санъати вакилларини қувонтирди. Сентябрь ойи бошларида театримизнинг бир гуруҳ ижодий жамоаси Суғд вилоятида бўлиб ўтган "Самарқанд маданияти кунлари"да иштирок этган бўлса, бугун яна бир тўлиқ саҳна асарини  тожик халқи аҳлига ҳавола этдик.

- Сафарга тайёргарлик кўрар эканман, суғдликлар ўзбек тилидаги саҳна асарни қандай кутиб олишар экан, - деган хаёл менга тинчлик бермасди, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳри Ҳакимова. – Чегарадан ўтганимизда  ва  Хўжанд театри биноси олдида Суғд вилояти маданият аҳли бизларни карнай-сурнайлар садоси остида, спектаклимизни эса давомли қарсаклар билан кутиб олишларини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Тожикистон халқ  артисти Сайрам Исоева билан учрашиб, дилдан қилинган  ижодий суҳбат бир умр ёдимда қолади.

   Муҳаммадрасул МАМАДАМИНЗОДА.