Самарқанд “травматологияси”да робот жарроҳ иш бошлади

Республика ихтисослашган травматология ва ортопедия илмий-амалий маркази вилоят филиалида илк бор робот технологияси ёрдамида операция амалга оширилди.

Ушбу янги технологияни ишга тушириш муносабати билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев сўзга чиқди. Самарқанд тиббиётидаги бу янгилик тизимдаги ислоҳотлар натижаси эканлиги айтилди. Замонавий технологияларнинг чекка ҳудудларга ҳам кириб бораётгани саломатлигимизни яхшилаш, беморларнинг шифохоналарда узоқ вақт даволаниш каби қийинчиликлардан асраши билан эътиборга лойиқлиги таъкидланди.

Сўнг марказда Хитойдан келтирилган замонавий навигатор маҳаллий ва хитойлик шифокорлар ҳамкорлигида чаноқ сон бўғими билан боғлиқ хасталиги бор икки нафар беморнинг операцияси ўтказилди.

- Ўтган йили Хитойда бўлиб, бир нечта тиббиёт муассасаларида малака оширишга муваффақ бўлдик, - дейди Республика ихтисослашган травматология ва ортопедия илмий-амалий маркази вилоят филиали бош шифокори Ойбек Маматқулов. – Малака ошириш баробарида хитойлик ҳамкасблар билан бир қатор келишувлар имзоланди. Робот технологияси ёрдамида операцияларни амалга ошириш бўйича келишувларга кўра, бугун муассасамизда илк бор робототехнология ёрдамида чаноқ сон операцияси муваффақиятли бажарилди.

Ўтган йили марказда даволанган беморларнинг 9,5 минг нафари жарроҳлик усулида шифо топган бўлса, 6,5 минг нафари лапароскопик усулда даволанганди. Икки мингга яқин беморлар чаноқ-сон бўғими хасталикларидан азият чекиб, тегишли жарроҳлик амалиётларини ўтказган.

- Хорижий давлатларда робот технологиялари ёрдамида операциялар 15 йилдан бери амалга оширилади, - дейди Пекин университети профессори, доктор Tian Hua. – Ушбу технологиянинг қулай томони шундаки, асоратлар кам бўлади, ҳар бир операция беморнинг индивидуал кўрсаткичлари ва аниқ режалар асосида ўтказилади. Қолаверса, беморнинг реабилитация даври анъанавий операциялардагидан кўра анча қисқаради.