Самарқанд тумани ҳокимлиги: "Сув иншооти кўчириляпти, таъминот тўхтатилгани йўқ"

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд тумани Юқори Туркман маҳалласида жойлашган сув иншооти ноқонуний равишда кўчирилаётгани ҳақида видеолавҳа тарқалди.

Ҳолат бўйича Самарқанд тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Унда шундай дейилади:

"Ҳолат туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар томонидан қатъий назоратга олинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу жараён маҳалла аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланишига таъсир кўрсатмайди. Айни пайтда аҳоли хонадонлари вақтинчалик тарзда тўғридан тўғри сув тармоғига уланиб, ичимлик суви билан таъминланмоқда.

Шунингдек, "Сув таъминоти" туман бўлими томонидан сув ташиш машиналари орқали тоза ичимлик суви узлуксиз етказиб берилмоқда.

Шу билан бирга, ҳолат шу даражага етиб келгунча маҳалла фаоллари, жумладан ҳоким ёрдамчиси томонидан зарур чоралар кўрилмагани ва аҳоли муаммолари билан тизимли иш олиб борилмагани учун уларга тегишли тартибда огоҳлантириш берилди.

Яқин кунларда сув иншооти фаолияти тўлиқ тикланиб, аҳолига барқарор ва сифатли ичимлик суви етказилиши таъминланади".