Самарқанд туманида PUBG аккаунтини 17 млн. сўмга сотмоқчи бўлган  21 ёшли йигит ушланди

Наманган вилояти Норин туманида яшовчи 21 ёшли Т.И. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан жами 17 миллион 315 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Самарқанд вилояти Самарқанд туманида яшовчи 21 ёшли А.И. содир этгани аниқланган.

Унга кўра, А.И. жабрланувчи Т.И. билан Telegram мессенжерининг “монстерсавдо” номли канали орқали танишиб, унга гўёки кучайтирилган PUBG аккаунтини сотиши ҳақида айтиб, алдаган. У ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига олдиндан 17 миллион 315 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказдириб олгандан сўнг, ўзаро келишмовчилик туфайли 12 миллион сўм пулларини қайтарган. Қолган қисмини қайтармасдан турли баҳоналар қилиб, ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.И.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.