Самарқанд ва Гродно вилоятлари ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Адиз Бобоев Гродно вилояти ижроия қўмитаси раиси Юрий Караев билан учрашув ўтказди.
Унда ҳудудлараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда икки вилоят ўртасидаги иқтисодий ва ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди.
Самарқанд томони Гродно вилоятидан наслли чорва моллари ва гўшт маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш, тўқимачилик, металлургия, машинасозлик ва мебель саноатида кооперацияни ривожлантириш, шунингдек, сут ва болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Шунингдек, вилоятимизнинг экспорт салоҳиятига – қуруқ мевалар, ёнғоқлар ва чуқур қайта ишланган бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш, истиқболда учинчи давлатлар бозорларига чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар туризм, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янгиланган Йўл харитаси имзоланди ҳамда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокимлиги Беларус инвесторларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади ҳамда Гродно вилояти делегацияси ва ишбилармон доира вакилларини Самарқандга таклиф этди.