Самарқанд ва Шенси тадбиркорларининг навбатдаги бизнес-форуми май ойида ўтказилади

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган Шенси делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Делегацияга Шенси провинсияси халқ ҳукумати вице-губернатори Ли Сзюн бошчилик қилди.

Томонлар икки давлат раҳбарининг ташаббуси билан ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида тадбиркорлар иштирокида Шенси ва Самарқандда 2 марта бизнес форум ўтказилгани қайд этилди. Ўзаро ҳамкорлик алоқалари натижасида ўтган йил 88 та келишув имзоланган ва ўнлаб қўшма лойиҳалар амалга оширилган. Навбатдаги учинчи форумни шу йилнинг май ойида Шенси провинсиясида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, Шенси юқори суръатларда ривожланмоқда. 2025 йил якунларига кўра, ҳудудда ЯИМ ҳажми 366 триллион юанни ташкил қилган. 

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, таълим, ижтимоий-маданий ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, талабалар алмашинуви, давлат хизматчилари учун ўқув дастурларини ташкил этиш, фермерлар учун семинарлар ўтказиш ва янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди.