Самарқанд ва Туркистон: Туризм соҳасида янги ҳамкорлик йўлга қўйилди
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров бошчилигидаги тадбиркорлар ва туризм соҳаси вакилларидан иборат делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки вилоят ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, меҳмонхона, саёҳат ва хизмат кўрсатиш йўналишлари ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида икки вилоят раҳбарлари туризм йўналишида билдирилган таклиф, ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва якунда ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шундан сўнг Самарқанд ва Туркистон вилоятлари туризм соҳаси вакиллари ўртасида янги ҳамкорлик бўйича амалий учрашув ўтказилди.
– Туркистонлик ҳамкасбларимиз билан ички ва халқаро туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик, – дейди “Shahrezada Sam Star Tour Discover” компанияси раҳбари Толиб Жаҳонгиров. – Ҳар икки вилоятда ҳам туризм салоҳияти юқори. Мисол учун, Туркистонда Аҳмад Яссавий мақбарасига дунё мамлакатларидан зиёратчилар келади. Самарқанд эса ҳар доим сайёҳлар билан гавжум. Айниқса, бугун Самарқанд–Остона йўналишида янги авиақатновнинг йўлга қўйилиши икки қардош халқ ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиради.
Делегация аъзолари ташриф давомида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Самарқанд халқаро туризм академияси фаолияти билан танишди. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканларни зиёрат қилди.