Самарқанд ва Украина ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 36,5 миллион АҚШ долларига тенг. Бу камми, кўп?
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Украина ишбилармонларидан иборат делегация Самарқандда бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар билан ўтказилган бизнес-форумда иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида қатнашган Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов, Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Евгений Енин, Украина Савдо-саноат палатаси президенти Геннадий Чижиков, Ўзбекистон – Украина ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Олег Ревчук ва бошқалар Ўзбекистон – Украина ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик йил сайин кенгайиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Жумладан, маросимда Самарқанд вилояти салоҳияти, мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берган Ж.Ўроқов Украина билан ҳамкорлик алоқаларига ҳам тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистон ва Украина ижтимоий, иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкам йўлга қўйган ҳамкор давлатлар ҳисобланади, – деди Ж.Ўроқов. – Биз Украинани бой тарихга, ҳар томонлама юксак салоҳиятга эга мамлакат сифатида биламиз. Ва бу ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратади. Бевосита рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, айни пайтда Самарқандда 6 та Украина капитали асосида ташкил этилган қўшма корхона фаолият юритади.
2020 йилда Самарқанд ва Украина ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 36,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Албатта, бу кўрсаткичлар ҳар иккала томоннинг бугунги кундаги салоҳиятига мос эмас. Шунинг учун мазкур форум ташкил этилмоқда. Самарқанд бугун хорижлик инвесторлар учун ўзаро манфаатли лойиҳаларга ҳар томонлама етарли шароитларни яратиб беришга тайёр.
Вилоятнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кончилик, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат саноати каби қатор йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имкониятлари жуда юқори. Ўйлайманки, бугунги форум ҳар иккала томон ишбилармонлари учун самарали бўлиб, ўзаро ҳамкорлигимиз янада ривожланади. Келгусида ҳамкорликдаги лойиҳаларимиз сони ортиб боради.
Ўз навбатида украиналиклар ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, Самарқандни пойтахт Тошкентдан кейинги юқори салоҳиятли ҳудуд билишларини қайд этишди.
– Биз ўзаро ҳамкорлик борасида Тошкент билан жуда яхши алоқага эгамиз, – дейди Украина Савдо-саноат палатаси президенти Геннадий Чижиков. – Пойтахтда ўтган музокаралар давомида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ривожлантириш борасида тегишли меморандумларни имзоладик. Энди Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан ҳам ҳамкорликни кучайтириш тарафдоримиз.
Шу боисдан элликка яқин нуфузли компаниялар вакилларидан иборат делегация билан Самарқандга ташриф буюрдик. Биз биламизки Самарқанд қадимдан савдо-иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланган. Унинг бу борадаги салоҳияти бугун ҳам кам эмас. Бунга масъулларнинг маълумотларини эшитиб яна бир бор амин бўлдик. Ўйлайманки, ушбу форум Самарқанд ва Украина ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.
Форум давомида ҳар икки томон ишбилармонлари ўзаро фикрлашиб, ҳамкорлик бўйича таклифларини муҳокама қилиш имконига эга бўлишди.
- Фаолиятимиз дуккакли маҳсулотларни саралаб, қадоқлаб хорижга экспорт қилиш билан боғлиқ, - дейди форум иштирокчиси, “Samarqand Golden Chickpeas” оилавий корхонаси раҳбари Амир Раҳматуллаев. – Бугунги кунда қўшни давлатлардан ташқари Россия, Германия, Канада маҳсулот экспортини амалга ошириб келаяпмиз.
Форум доирасида Украинанинг «Кравченко А.Н» корхонаси вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокара ўтказдик. Улар қуритилган нўхат ва меваларга қизиқиш билдиришди. Ҳамкорликнинг дастлабки шартлари ҳақида келишдик ва маҳсулотларимиздан намуна олиб кетишди. Яқин кунларда ҳамкорлигимиз расман кучга киради, деб ўйлайман ва корхонамизнинг экспорт географияси кенгайиб, Украинага ҳам юртимиз маҳсулотлари етиб боради.
Форум доирасида икки томон ишбилармонлари қатор келишувларга эришди. Делегация аъзолари ташриф давомида Самарқанд шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналари ва диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (фото).