Самарқанд ветеринария медицинаси институти Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига айлантирилди
Аввалроқ “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори эълон қилингани ҳақда хабар берилганди. Мазкур қарорга кўра, Самарқанд ветеринария медицинаси институти Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига айлантирилди.
Мазкур университетда ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрлар тайёрланади.
Шунингдек, Президент қарорида қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:
- ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
- замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш;
- ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ветеринария клиникаси, ўқув ва илмий лаборатория, ўқув-тажриба хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
- илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
- етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш;
- ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
- соҳадаги илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимларини Университетда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга бириктирган ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш;
- Университетнинг юқори босқич талабалари ҳамда илмий изланувчиларининг илмий-тадқиқот институтлари лабораторияларида фаолият юритиши учун шароит яратиш;
- тасарруфидаги таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.