Самарқанд вилояти ҳокими 103 хизмати билан танишди, фаолият раҳбарни қониқтирмади
Эркинжон Турдимов ижтимоий тармоқлар орқали берилган саволларга жавоб қайтариш мақсадида ўтказган брифингда қайд этишича, 18 июль куни вилоятда шошилинч тиббий ёрдам диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишган.
– Аҳвол мени умуман қониқтирмади, – деди Э.Турдимов. – Диспетчерлик пунктида 3-5 нафар ходим ишлаётган экан. Улар бугунги шароитда аҳолининг қўнғироқларига жавоб бериб улгурмайди. Шунинг учун кечанинг ўзида бу ерда фаолиятни қайта кўриб чиқдик. 24 нафар ходим қўйдик, зарур техник жиҳозлар билан таъминладик. Энди қўнғироқлар рақамли бўлади. Ҳар бир мурожаат автоматик тарзда компьютер хотирасида сақланади.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт институтидаги call-center фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилди. Энди фуқаролар бу ердаги 1105 рақамига қўнғироқ қилиб, мутахассислардан зарур тавсия ва маслаҳатлар олиши мумкин.
Вилоят ҳокимининг қайд этишича, шу пайтгача шошилинч тиббий хизмат тасарруфида 280 та махсус жиҳозланган автомашина мавжуд бўлган. Карантин бошланганидан буён эса 40 та “Дамас”, 10 та “УАЗ” тез ёрдам машинаси харид қилинган. Куни кеча 103 хизмати автопаркига 29 та “Дамас” автомашинаси берилган бўлса, келгуси ҳафтада яна 10 та шундай транспорт воситаси келтирилади.