Самарқанд вилояти Кенгашининг 42-сессияси 10 сентябрь куни ўтказилади

Бу ҳақда вилоят ҳокими Э.Турдимов 2021 йил 31 августда "Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтинчи чақириқ қирқ иккинчи сессиясини чақириш тўғрисида"ги қарорида маълум қилди.

Унга кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қирқ иккинчи сессияси 2021 йил 10 сентябрь куни соат 10:00 да чақирилади.

Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилди:

- “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишлар юзасидан Булунғур тумани сектор раҳбарларининг ҳисоботи;

- вилоят молия бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ю.Бобоназаровнинг маҳаллий бюджет даромадларини ошириш бўйича жорий йил иккинчи ярим йиллигида амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботи;

- вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи З.Жўраевнинг вилоятда мактабгача таълим тизимининг бугунги кундаги ҳолати, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифалар тўғрисидаги ҳисоботи;

- вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Темировнинг вилоятда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтиш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ўз муддатларида тўлиқ ва самарали бажарилиши юзасидан ҳисоботи;

- бошқа масалалар.