Самарқанд вилоятида хусусийлаштирилган объектларнинг 245 тасидан фойдаланилмаяпти

Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олинган маълумотларга кўра, шаҳар ва туманларда ўтказилган хатлов натижасида 245 та фойдаланилмасдан бўш турган давлат мулки объектлари аниқланган.

Фойдаланилмаётган объектлар фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича 20 та “йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Шунингдек, 22 та бўш турган давлат мулки объектларини давлат хусусий шерикчилик асосида берилиши кўзда тутилмоқда.

Фойдаланилмасдан бўш турган 24 та давлат мулки объектлари “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида бошланғич нархи 1 сўмга тенг қийматда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда аукционга чиқарилган.

Мазкур фойдаланилмасдан бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хусусий мулк эгалигига берилиши натижасида 18,16 миллард сўм инвестиция киритилиши ва 277 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Бугунги кунгача бўлиб ўтган онлайн аукцион савдоларига чиқарилган объектларнинг 20 таси тадбиркорларга жами 755 миллион сўм сотиб олиш тўловларини амалга ошириш ва 13,06 миллард сўмдан ортиқ инвестиция киритиб, камида 228 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан сотилган.

Вилоят ҳокимининг 2019 йил 18 июлдаги “Давлат кўчмас мулк объектларини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларини белгилаган ҳолда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш тўғрисида”ги қарорига асосан 14 та давлат мулки объектини электрон савдо майдончасида сотиш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Б.ХОНКЕЛДИЕВ.