Самарқанд вилоятидаги судлар ўтган йил 49 кишини оқлади
Ҳа, шундай. Судланаётганларнинг ҳаммаси ҳам озодлик маҳрум этилмаяпти, уларнинг барчаси жиноятчи эмас. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, судларнинг чинакам адолат қўрғонига айланиб бораётгани туфайли, суд залидан озод қилиш, судланувчини оқлаш каби амалиётлар баладпарвоз гап эмас, ҳаётда ўз ифодасини топмоқда.
Самарқанд вилояти судлари томонидан 2021 йил давомида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган брифингда шу ҳақда сўз юритилди.
Вилоят суди раиси О.Ҳайитовнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 4966 нафар шахсга нисбатан 3909 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Жумладан, 2898 та иш бўйича 3794 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди, 997 та иш тугатилди. 3613 нафар судланганларнинг 932 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 1285 нафарига озодликни чеклаш, 1007 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. Йил давомида судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 489 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. Вилоят судларининг барча инстанцияларида 29 та жиноят иши бўйича 49 нафар шахс оқланди. 964 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 1091 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди.
Ички ишлар органлари пробация хизмати тақдимномалари асосида қилмишидан чин кўнгилдан пушайман бўлган, ўзига тегишли хулоса чиқарган, жазони ўташ даврида тузалиш йўлига ўтиб, тартиб-интизомга қатъий риоя қилган намунали хулқ-атвордаги 2498 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 530 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. Жазони ижро этиш манзил колонияларидаги 524 нафар шахс тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди.
– Бу рақамлар судда кўрилган барча ишлар бўйича албатта, жазо тайинланади деган қарашлар бугун эскирганлигини кўрсатади, – деди Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитов. – Бу кейинги беш йилда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси. Қолаверса, 2021 йилдан “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида вилоят судлари ташкил этилгани, ишларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда бир қатор енгилликлар яратилгани ҳам аҳолининг судларга ишончини оширди, судьяларнинг тўла мустақил иш олиб боришига имконият яратди.
Брифингда қайд этилишича, 2021 йилда судлар томонидан 26769 нафар шахсга нисбатан 22466 та маъмурий ишлар кўрилиб, қарор чиқарилган. Жумладан, 21648 нафар шахсга жарима жазоси, 273 нафар шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 4848 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маъмурий ишлар бўйича 41 миллиард 77 миллион сўм жарима жазоси тайинланиб, 23 миллиард 376 миллион сўми ихтиёрий тўланишига эришилган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судлари биринчи инстанциясида 38236 та фуқаролик иши кўрилиб, 29745 та даъво қаноатлантирилган. 4371 та даъво рад қилинди ва 2840 та ариза кўрмасдан қолдирилди.
Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 6942 та фуқаролик ишининг 3616 таси қаноатлантирилган бўлса, 2617 та даъво рад этилди.
Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 13692 та иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб ҳал этилган. Шундан 12033 та даъво қаноатлантирилиб, 1341 та даъво рад қилинган, 184 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган. Кўрилган ишлар сони 2020 йилга нисбатан 5942 тага кўпайган.
Самарқанд вилояти маъмурий суди раиси Т.Файзиевнинг ахборотида келтирилишича, вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йилда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1148 та маъумурий иш кўриб тамомланган.
– Тамомланган маъмурий ишларнинг 360 таси қаноатлантирилди, 585 таси рад этилди ва 108 таси иш юритишдан тугатилди, – дейди Т.Файзиев. – Кўрилган ишларнинг 418 таси туман, шаҳар ҳокимликларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, 269 таси эса туман, шаҳар ҳокимликларига мажбурият юклаш билан боғлиқ бўлди. Йил давомида давлат органлари, корхона ва ташкилотлар томонидан йўл қўйилган қонун бузилишларини бартараф этиш мақсадида 68 та хусусий ажрим чиқарилди.
Брифинг якунида суд раислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.