Самарқандда 16 ёшгача бўлган болалар 13 турдаги юқумли касалликка қарши эмлангани маълум қилинди

Дунё бўйлаб ҳар йили апрель ойининг охирги ҳафтасида жаҳон иммунизация ҳафталиги ўтказиб келинади. Ўзбекистонда ҳам бу тадбир жорий йилнинг 24-30 апрель кунлари ўтказилди. Олдини олиш мумкин бўлган 13 турдаги юқумли касалликка қарши иммунизация тадбирлари миллий эмлаш календарига асосан амалга оширилмоқда.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси маълумотига кўра, иммунизация ҳафталиги доирасида вилоятда мавжуд 422 та эмлаш пунктлари барча турдаги вакциналар билан тўлиқ таъминланган. Аҳоли қаерда яшашидан қатьий  назар, ҳоҳлаган пунктга мурожаат қилиб эмланиш ҳуқуқига эга.

Ҳафталик доирасида вилоятда Ротавирус инфекциясига қарши “Ротасиил” вакцинаси билан 25 560  нафар, қизамиқ, қизилча, тепкига қарши КПК вакцинаси билан 8233 нафар, қизамиқ ва қизилчага қарши алоҳида КК вакцинаси билан 6796 нафар, пневмококк инфекциясига қарши “Пневмококк” вакцинаси билан 14 885 нафар болалар эмланган.

Шунингдек, белгиланган ёш тоифасидан келиб чиқиб полиомиелит, кўк йўтал, бўғма, қоқшол, ХИБ, вирусли гепатит В, сил касалликларига қарши эмлашлар ўтказилган.

- Иммунизациянинг самараси Самарқанд вилоятида қизамиқ, қизилча, шол, кўк йўтал, қоқшол, бўғма касалликлари, 14 ёшгача бўлган болалар орасида вирусли гепатит В касаллиги қайд этилмаяпти, - дейди Самарқанд вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бош иммунологи Шоира Халилова. -  Тепки касаллиги, пневмокок, рото, ХИБ инфекциялар билан касалланиш кескин камайган. 2019 йилдан бошлаб, вилоятда 9 ёшли ўсмир қизларимиз бачадон бўйни саратонига қарши ВПЧ вакцинаси билан ҳам эмланмоқда. Апрель ойидан бошлаб вилоятда 40 мингдан ортиқ қизлар эмлаш пунктларида, мактаблардаги тиббий хоналарда 2-тур ВПЧ вакцинаси билан эмланиш ишлари олиб борилмоқда. Вилоятда ишлатилаётган барча вакциналар хавфсизлик сертификатига эга ва ҳар йили ўқитилиб, тайёрланган махсус тиббий ходимлар, яьни вакцинаторлар эмлаш ишларини амалга оширмоқда.

Таъкидланишича, ушбу вакциналар билан қамраб олиш вилоятда 97 фоиздан юқори.