Самарқандда 21 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида амалга оширилган қурилиш ишлари мониторинг қилинади
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар, Президентимизнинг Самарқандга ташрифидан сўнг тизимда белгиланган вазифалар, болаларни боғчаларга қамраб олишда қуриладиган муассасалар, таълимнинг муқобил шакли, давлат-хусусий шериклик асосида боғча ташкил этаётган тадбиркорларга яратилаётган қулайликларга бағишланган матбуот анжуманида айтилди.
Унда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Раҳмонов вилоятимизда бугунги кунда 337 121 нафар мактабгача ёшдаги болалардан 63 фоизи боғчаларга қамраб олингани, йил якунигача бу кўрсатгич 70 фоизни ташкил этиши, қамров даражаси энг паст ҳудудлардан Нуробод ва Ургут туманларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши, мажбурий бир йиллик мактабгача тайёрлов гуруҳлари очилиши ҳақида гапирди. Шу билан бирга ҳали ҳам мудираларнинг йўлланмасиз болаларни қабул қилиш ҳолатлари, болаларнинг соғлом овқатланишида йўл қўйилаётган камчилик, ноқонуний ҳолатлар учраётганини яширмади. Бу каби ҳолатлар яқинда мактабгача таълим вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан вилоятимиздаги мактабгача таълим ташкилотларида олиб борилган ўрганишларда ҳам кузатилди.
- Биз доимий равишда боғчаларда ўрганишлар олиб борамиз, афсуски, шунда ҳам қонунбузилиш ҳолатлари кузатлимоқда, - дейди Ш.Раҳмонов журналистларнинг берган саволи жавоб берар экан. - Ўтган йил ўрганишларимиз натижасида 51 нафар мудиранинг иши прокуратура томонидан кўриб чиқилган эди. Уларнинг 21 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Қолганларига интизомий жазо чоралари кўрилди. Бу йил эса 13 нафар мудира фаолиятида қонунбузилиш ҳолатлари кузатилди.
Бу йил давлат мактабгача таълим ташкилотлари йўқ олис ҳудудларда боғчалар ташкил этилади. Жумладан, Ургут туманидаги Сатанг, Жайратепа, Чумчуқли ва Аълохотин, Нуробод туманидаги Ағрон ва Кечкелдик маҳаллаларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари эҳтиёж юқорилигини инобатга олиниб, 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида қўшимча 6 та янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилади ҳамда Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида 350 ўринли янги давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш учун зарур бўлган қўшимча маблағларни ажратиш чоралари кўрилади.
Паст Дарғом, Нуробод, Ургут, Қўшработ туманларидаги 8 та маҳаллада “Ақлвой” мобил мактабгача таълим хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали 384 нафар бола боғчага қамраб олинади.
Матбуот анжуманида тизимдаги бир қатор янгиликлар ҳамда 2021 йил 12 апрелда Президентимизнинг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган ўзгаришларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ушбу қарорга асосан вилоятда молиялаштирилмаган 21 та лойиҳага 42,7 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳамда бу орқали 2 065 қувват яратилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имтиёзли кредит маблағлари аввал 15 йил муддатга ажратилган бўлса, юқоридаги қарорга 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан ажратилиши белгиланди. Вазирлик ишчи гуруҳи томонидан вилоятда мавжуд имтиёзли кредит маблағлари ажратилмаган 21 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари мониторинг қилиниб, уларни рейтинги шакллантирилди.
Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида боқувчисини йўқотган аёллар фарзандлари бепул ўқитилиши ва уларнинг бадал пулини давлат томонидан 2021 йил 1 майдан бошлаб тегишли ҳудуддаги 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдорларда қоплаб бериш амалиёти жорий этилади.
Жaҳoн бaнкининг "Бoлaлaрни эртa ривoжлaнтириш" лoйиҳaси дoирaсидa 900 нафар педагог ўқитилиши режалаштирилган бўлса, педагогика коллежлари базасида “Методик марказ” ҳамда Тойлоқ педагогика коллежи базасида “Илк ривожланиш маркази” ташкил этилади.
Насиба Жонтўраева.
***
Замира Болтаева олган суратлар.