Самарқандда 2,7 минг нафардан зиёд ишсиз алимент тўловчининг бандлиги таъминланди
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси органлари томонидан алимент ундириш ҳамда оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 2025 йилда тизимли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, алимент олувчилар манфаатларини таъминлаш мақсадида 2,2 миллиард сўм нақд пул маблағлари олдиндан тўлов сифатида ундирилиши таъминланди. Шунингдек, 135 нафар ундирувчига Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 1 млрд 446 миллион сўмга яқин маблағ тўлаб берилди.
Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида ҳам салмоқли ижобий кўрсаткичларга эришилди. Маҳалла “еттиликлари” билан ҳамкорликда ўтказилган профилактик суҳбатлар ва кўрилган чора-тадбирлар самарасида 6 798 та оила яраштирилиб, оилалар тикланишига эришилди.
Бундан ташқари, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар доирасида 2 728 нафар ишсиз алимент тўловчи ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди.
Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган 995 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, 137 нафар шахс Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилди.
Амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар алимент ундириш тизими самарадорлигини ошириш, оилалар барқарорлигини таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.