Самарқандда 9,5 мингдан ортиқ ёш тадбиркор фаолият юритади
2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди.
Йилнинг бундай номланишида жуда катта маъно мужассам, десак асло муболаға бўлмайди. Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил қилувчи ёш авлод вакилларидан юртнинг умиди катта. Маънан етук, жисмонан бақувват, теран фикрли ёшлар келажагимиз бунёдкорларидир.
Бугун Ўзбекистонда ёшларга бўлган эътибор, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шароит ва имкониятларни ҳар бир ёш ўз ҳаёти ва фаолиятида ҳис қилиб, сезмоқдаки, бунинг исботини улар эришаётган ютуқларда ҳам кўриш мумкин. Эртанги фаровон ҳаёт ва обод турмуш учун ёшларимиз бугун илм-фан, спорт ва маданият, иқтисодиёт тармоқларининг қатор соҳаларида янги марраларни забт этишга чоғланган.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилгани уларга қўшқанот бўлди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизда оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилди. Асосий қонунимизнинг 79-моддасида давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши, давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам ёшлар салоҳиятини юксалтириш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Самарқанд вилояти аҳолисининг 2 миллион 315 минг нафарини ташкил этувчи 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларимиз ҳам бугун юртимизда билим олишга, замонавий касб-ҳунар эгаллашга, турли йўналишларда иқтидорини намоён этишга, тадбиркорлик қилишга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишлари учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан, биргина 2023 йилда ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилиб, 54 минг 373 нафар ёшнинг бандлиги таъминлашда партия депутатлари билан ҳамкорликда хайрли ишлар амалга оширилди.
Шунингдек, партия вилоят Кенгаши ҳузурида туманларда мавжуд бўлган 256 та ёш фермерларнинг самарали фаолият юритиб, даромад манбаларини кўпайтиришларида зарур бўлган ҳуқуқий, илмий маслаҳат ва ёрдамлар кўрсатувчи “Мадад” гуруҳлари ҳам ташкил этилган.
Фахр билан тилган олинадиган яна бир жиҳат – бугунги кунда вилоятда 9500 дан ортиқ ёш тадбиркор ва 4700 дан ортиқ ёш ҳунарманд ёшлар фаолият юритади.
Қувонарлиси, 114 мингдан ортиқ ёшлар турли хил касблар билан ўзини ўзи банд қилган.
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгашида 13 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари бўлиб, шундан 345 тасида ёшлар раҳбарлик қилади. 119 950 партия аъзоларининг 58 321 нафарини ёшлар ташкил этади.
Биз ҳам 2024 йилнинг номланиши партиямизнинг ҳаётбахш ғояси, эзгу мақсадлари ва маслагига ҳамоҳанг бўлганидан руҳланган ҳолда келгусида партиянинг “Ёш тадбиркорлар лигаси”, “Менинг ғоям”, “Тадбиркорликка илк қадам”, “Ёш тадбиркор” сингари 20 та лойиҳаси доирасида вилоятдаги 10 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олишни режалаштирганмиз. Ўйлаймизки, ушбу хайрли лойиҳаларнинг самараси ва натижаси, албатта, ёшларни етук мутахассис сифатида шаклланиб, Ватанимиз равнақи ва ёруғ келажаги йўлида хизмат қилишига замин яратади.
Зотан, янги Ўзбекистон орзусини реал ҳақиқатга айлантиришда эртанги ёруғ истиқболимизнинг муносиб эгалари бўлган ёшларга таянамиз!
Зафар Каримов O’zLiDeP Самарқад вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгаши раиси