Самарқандда аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган қарийб бир миллиард сўмлик кўмир талон-торож қилингани аниқланди
Давлат томонидан тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб бориши юзасидан вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида “Кўмир таъминот” МЧЖнинг вилоят филиали тасарруфидаги “Мароқанд” ва “Зиёвуддин” ҳудудий кўмир омборлари мудирлари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган кўмирларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Хусусан, “Мароқанд” ҳудудий кўмир омбори мудири А.Б. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 368,1 млн. сўмлик 1225,6 тонна кўмирлар маҳсулотларини гўёки фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, нақд пулга сотиб юборган.
Шунингдек, “Зиёвуддин” ҳудудий кўмир омбори мудири Ф.С. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 549,5 млн. сўмлик 915,9 тонна кўмир маҳсулотлари талон-торож қилган.
Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, кўмир омбор мудирлари процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мазкур йўналишда назорат тадбирлари давом этмоқда.