Самарқандда ахборот хизматлари раҳбарлари қандай ишлаяпти?

Ахборот хизмати ходимлари фаолияти самарадорлиги бир йилда икки марта рейтинг баҳолашдан ўтказиляпти. Хусусан, 2021 йил 2-ярим йил якуни бўйича республика миқёсида ҳокимликлар кесимида вилоят бўйича 5 та – Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур, Жомбой ва Самарқанд туманлари ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарларининг фаолияти юқори даражада, деб топилди. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Айни пайтда Самарқанд вилоятида жами 77 та ахборот хизматлари фаолият кўрсатмоқда, - деди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев. - Шундан 4 таси вакант, 40 дан ортиқ корхонада ахборот хизмати вазифаси бошқа ходимга юклатилган.
Ахборот хизмати ходимлари 2021 йил иккинчи ярмида ахборотни замонавий, тезкор ва кенг қамровли усулда оммавий ахборот воситалари орқали фойдаланувчиларга инфографика, фото, аудио, видео ва матн шаклларида, муайян белгиланган вақт оралиғида етказиб бериш бўйича энг юқори кўрсаткичларга эришган. Шунингдек, 9 та – Пахтачи, Пайариқ, Нарпай, Нуробод, Тойлоқ, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Оқдарё ва Иштихон туманлари ҳокимликлари матбуот котибларининг иши ўрта даражада эканлиги қайд этилган.

Ҳозирги кунда туман ва шаҳар ҳокимликларининг веб-сайтлари фаолият юритмоқда. Веб-сайтларга маълумотлар жойлаштириб боришнинг ҳолати ўрганилмоқда.

Ахборот хизмати ходимларининг малака ва кўникмаларини ошириш мақсадида семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этиляпти.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ҳамкорликда қабул қилинган медиа-режага асосан 2022 йилнинг биринчи чорагида жами 1134 марта медиа тадбир (385 таси матбуот анжумани, 393 таси очиқ мулоқот, 330 таси брифинг, 26 таси пресс-тур) ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори раислигида ўтказилган 2021 йил 11 майдаги йиғилиш баёнининг 5-бандига кўра, ахборот хизматлари раҳбарлари транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилиши ижро учун қабул қилиниши белгиланган. Аммо вилоятда мазкур топшириқлар ижроси ҳалигача бажарилмай келмоқда.
Хусусан, 3 та – Каттақўрғон шаҳри, Булунғур ва Самарқанд туманлари ҳокимликлари матбуот котибларига хизмат автомобили ажратилмаган.