Самарқандда "Беш ташаббус олимпиадаси" мусобақаларига старт берилди
Спортни ривожлантириш, Халқ таълими вазирликлари, вилоят ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда самарқандлик ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мусобақа аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмлари яратилгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш белгиланганини эътироф этди.
Таъкидланишича, 10 апрелдан бошлаб, 7-30 ёшдаги ёшлар ўртасида спортнинг 9 та тури (футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, стритбол, wоркаут) бўйича “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида оммавий спорт мусобақалари ўтказилади. Ушбу спорт мусобақалари маҳаллалардаги кўчалараро ёшлар ўртасида ўтказилиб, улар орасидан иқтидорли, кучли ва туғма истеъдоди бор ёшлар сараланиб олинади. Бу эса юртимиз байроғини юксакка кўтарадиган ёшларни кашф этади.
Тадбирда вилоятимиз спортчилари томонидан кўргазмали чиқишлар, вилоят санъаткорлари ҳамда ҳарбий оркестр ўзларининг куй-қўшиқлари билан иштирокчиларга хушкайфият улашди.
Шунингдек, мусобақа очилиш тадбири якунида Самарқанд шаҳридаги "Сартепа" ва "Боғдод" маҳаллалари ёшларидан тузилган футбол жамоалари майдонда куч синашди.