Самарқандда бир неча боғча ёпилган. Нега?
Кейинги йилларда мактабгача таълим ташкилотлари сонини ошириш ва болалар қамровини кўпайтириш борасида амалий ишлар бажарилмоқда. Аммо негадир вилоятда айрим давлат мактабгача таълим ташкилотлари ёпилиб, иш фаолиятини тўхтатяпти. Хўш, нега болалар боғчалари ёпилган? Ушбу савол билан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига мурожаат қилдик.
- Тўғри, вилоятда айрим давлат боғчалари ёпилди, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бош мутахассиси Озодбек Норқулов. – Бунинг сабаблари турлича. Баъзиларининг биноси яроқсиз ҳолатга келганлиги, бошқасида қурилиш бўлаётгани учун иш фаолияти тўхтатилган. Масалан, Самарқанд шаҳар Муборак маҳалласида жойлашган 37-давлат мактабгача таълим ташкилоти биносининг девори ёрилгани сабабли 2020 йил 10 июндан ёпилган. Болалар боғчаси Регистон майдонининг орқа томонида жойлашган бўлиб, маданий мерос объекти ҳисобланади. Уни таъмирлаш учун маданий мерос бошқармасидан рухсат олиниши керак.
Самарқанд шаҳри «Оқсарой» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 28-давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси яроқсиз ҳолатда бўлгани учун 2021 йил 20 январдан ёпилган. Боғча биносини бузиб, қайтадан қуриш 2024 йилги давлат дастурига киритилган. Шаҳардаги «Нурли йўл» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 126-давлат мактабгача таълим ташкилоти эса 2022 йилда қўшимча бино қуриш учун ташаббусли бюджетда ғолиб бўлган. Шу йил боғчада қурилиш ишлари бошлаган ва вақтинча боғча иш фаолиятини тўхтатган.
Тойлоқ тумани Шопўлот маҳалласида жойлашган 4-давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси яроқсиз ҳолатда бўлгани боис 2021 йилнинг апрель ойида ёпилган. Ушбу боғча биноси келгуси йил давлат дастурига киритилган бўлиб, режага кўра, 120 ўринли бино қайтадан қурилади. Тумандаги Адас маҳалласида жойлашган 13-давлат мактабгача таълим ташкилоти 2022 йил июнида бузилиб, қайтадан қуриляпти. Чорбоғтепа маҳалласидаги 12-давлат мактабгача таълим ташкилоти ошхонаси йўқлиги учун 2022 йил январдан ёпилган. Болалар боғчаларида ошхона асосий бинодан ажралган ҳолатда бўлиш керак. Аммо масъуллар ошхона муаммосига ечим топишни пайсалга солиб келмоқда. Бахшитепа маҳалласида жойлашган 19-давлат мактабгача таълим ташкилоти эса 2022 йилнинг февралидан жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани сабабли ёпилган. Айни пайтда боғчада қурилиш ишлари кетяпти.
Жомбой тумани Қўлбости маҳалласидаги 18-давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси 2021 йилнинг ноябрь ойида яроқсиз ҳолатда деб топилиб, ёпилган. Аммо шу пайтгача болалар боғчасини қайта қуриш давлат дастурига киритилмаган. Туманнинг «Қўнғирот» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 26-давлат мактабгача таълим ташкилоти 2020 йил апрелда ёпилган. Ушбу боғчани бузиб, қайта қуриш 2024 йилги давлат дастурига киритилган.
Оқдарё тумани «Турон» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиш бошлангани сабаб 2021 йил ноябрдан ёпилган.
Ҳудуд раҳбарлари бир неча йилдан буён биноси яроқсиз ҳолатга келган қурилиш назорат инспекцияси хулосаси билан бугунги кунда фаолият юритмаётган боғчаларнинг тақдири билан қизиқмаган. Яроқсиз ҳолатга келган мактабгача таълим ташкилотлари биносини қайта қуриш учун инвестиция дастурига таклиф берилмаган.
Тўғри, яроқсиз ҳолга келган боғча биноларини республика бюджетидан маблағ ажратилмаса, маҳаллий маблағлар ҳисобига қуриб бўлмайди. Шунинг учун бундай мактабгача таълим ташкилотларини вақтида давлат дастурига киритиш учун таклифлар берилиши керак. Юқоридаги каби талабга жавоб бермайдиган боғча ошхонаси ёки ҳожатхонасини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қайта қуриш мумкин. Аммо масъуллар бунинг ҳам чорасини кўрмаган.
Бугун вилоятда 356760 нафар боғча ёшидаги болалар бўлиб, уларнинг 252604 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган, яъни қамров даражаси 70,8 фоизга етказилган.
Хуршида Эрназарова.