Самарқандда болани итлар ҳужумидан сақлаб қолган ҳайдовчи тақдирланди

Бугун Самарқанд шаҳридаги "Ёшлар" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган автотураргоҳ олдида кетаётган болага итлар ҳамла қилгани ва такси ҳайдовчиси уни қутқариб қолгани ҳақида хабар берилганди.

Жорий йилнинг 8 июль куни тасвирга тушиб қолиб, кейин тарқалган ҳолат Самарқанд шаҳрининг Набиев номидаги кўчада содир бўлган ва ўша куниёқ болага тиббий-психологик ёрдам кўрсатилган ва айни пайтда унинг ҳолати яхши.

Бугун Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ҳамда шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Исматжон Ибрагимов боланинг ҳаётини сақлаб қолган такси ҳайдовчиси, 23 ёшли Фирдавс Аҳмедов ва унинг ота-онасига миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, Фирдавс Аҳмедовга эсдалик совғалари топширилди, дея хабар бермоқда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Шунингдек, ИИБ хабарига кўра, болага ташланган итларнинг эгасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддаси (ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.