Самарқандда “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” нишонланди

Дунёда айрим саналар байрам сифатида нишонланса, баъзилари қайсидир муаммога эътибор қаратиш учун белгиланади. Ана шундай саналардан бири бугун, 12 июнь – “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” сифатида нишонланди.

Сана муносабати билан Самарқанддаги оромгоҳларда бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, Самарқанд туманидаги “Сафеди” соғломлаштириш оромгоҳида ўтган тадбирда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов ва вилоятдаги масъуллар иштирок этиб, мамлакатимизда болалар меҳнатининг муҳофазаланганлиги, ёшларнинг билим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши учун яратилган имкониятлар, шунингдек, соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилганлиги алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида болалар ўртасида расм чизиш танлови, спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси турларидан мусобақалар ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг 335 нафар болажонни бағрига олган “Сафеди” оромгоҳида яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

- Болалар ёзни соз ўтказиши керак, - дейди оромгоҳ директори Нигора Жабборова. – Шу боис бу йилги мавсумда болаларнинг дам олиши учун барча шароитларни яратдик. Жумладан, спорт майдончаси, кутубхона, компьютер хонаси, бассейн ва концерт учун саҳна болажонлар ихтиёрида. Айни пайтда оромгоҳда 200 нафар бухоролик, 72 нафар навоийлик ва 63 нафар самарқандлик болалар соғломлаштирилмоқда. Эътиборлиси, болалар учун 23 нафар малакали тарбиячи ва етакчилар жалб қилинган бўлиб, уларнинг 5 нафари самарқандлик, 18 нафари эса Бухоро ва Навоий вилоятларидан бириктирилган тарбиячилардир.