Самарқандда фон мониторинг станциялари ўрнатилмоқда

Вилоятда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда ифлослантирувчи моддалар ташламаларини доимий назорат қилиш мақсадида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу борада Президент фармони ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабларидан келиб чиқиб, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган корхоналарда автоматик ва фон мониторинг станцияларини ўрнатиш белгиланган.

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни вилоятдаги тўртта корхона — “AZIYA METALL PROF” МЧЖ ҚК, “Komfort-Kolor” МЧЖ, “AFRASIYOB PARRANDA” МЧЖ ҳамда “Edial Shagal” МЧЖ ҳудудларида замонавий фон мониторинг станциялари ўрнатилди.
Мазкур қурилмалар атмосфера ҳавоси ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, ҳавога чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини назорат қилиш ҳамда экологик вазият бўйича тезкор ва ишончли маълумотларни шакллантириш имконини беради.

Бу каби тизимли чора-тадбирлар саноат корхоналарининг экологик масъулиятини ошириш, атмосфера ҳавосига салбий таъсирни камайтириш ва ҳудудда экологик назорат самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Вилоят Экология бош бошқармаси матбуот хизмати