Самарқандда “Ғазалхон етакчи” кўрик-танлови ўтказилди
Самарқанд вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан буюк мутафаккирлар — Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан “Ғазалхон етакчи” кўрик-танлови ташкил этилди.
Мазкур танловнинг асосий мақсади ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ошириш, уларни мумтоз адабиётимизнинг бой мероси билан яқиндан таништириш, шунингдек, маҳаллаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини кучайтиришдан иборат бўлди. Тадбирда туман ва шаҳарлардан келган маҳалла ёшлар етакчилари иштирок этиб, ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этдилар.
Кўрик-танлов бир неча босқичда ташкил этилди. Дастлаб иштирокчилар мумтоз шоирлар ғазалларини ёддан, тўғри талаффуз ва оҳанг билан ижро этдилар. Кейинги босқичда эса асар мазмуни, ундаги бадиий тасвир воситалари ва ғоявий йўналиш юзасидан қисқа таҳлиллар тақдим қилинди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан саҳна маданияти, нутқ равонлиги, бадиий ифода, ижро маҳорати ҳамда аудитория билан мулоқот қилиш қобилияти асосий мезон сифатида баҳоланди.
Тадбир давомида мумтоз адабиётимизнинг бугунги ёшлар тарбиясидаги ўрни, ғазал жанрининг маънавий-ахлоқий аҳамияти алоҳида таъкидланди. Сўзга чиққанлар буюк аждодларимизнинг ижоди нафақат тарихий мерос, балки бугунги кун ёшлари учун ҳам ибрат мактаби эканини қайд этдилар.
Кўрик-танлов якунида фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Энг муҳими, ушбу тадбир ёшлар етакчиларининг маънавий савиясини ошириш, уларни маҳаллаларда адабий кечалар, китобхонлик тадбирлари ва ижодий учрашувларни тизимли йўлга қўйишга руҳлантирди.
— “Ғазалхон етакчи” танлови биз учун катта масъулият ва шараф бўлди , - дейди Нуробод туманидаги “Чорвадор” маҳалласи ёшлар етакчиси Низомиддин Эшмуродов. - Мумтоз ғазалларни ўрганиш жараёнида ҳар бир мисранинг теран маъноси, ундаги ҳаётий сабоқларни янада чуқурроқ англадик. Бу тажриба бизнинг нутқимизни, саҳнадаги ишончимизни ва ёшлар билан ишлаш кўникмаларимизни мустаҳкамлади.
Бугунги кунда ёшларни маънавиятга жалб этиш энг долзарб вазифалардан биридир. Шундай танловлар орқали биз тенгдошларимизни китоб ўқишга, ижод қилишга ва миллий меросимизни қадрлашга чорлаймиз. Келгусида маҳалламизда мунтазам равишда ғазалхонлик ва адабий-маърифий тадбирлар ташкил этишни режалаштирганмиз.
Ушбу кўрик-танлов ёшлар ўртасида адабиётга меҳрни кучайтириш, миллий ўзликни англаш ва маънавий камолотни юксалтириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Танлов якунига кўра Паст Дарғом тумани жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.