“Ёшлар дафтари”дагиларга нега кўмак кўрсатилмаяпти?
Яқинда Zarnews.uz телеграм каналида “Маҳаллангиздаги ёшлар етакчисини танийсизми? Унинг фаолияти сизни қониқтирадими?” деган саволлар билан сўровнома ўтказилганди.
9 июль куни соат 14:00 ҳолатига сўровномани 17 мингдан зиёд киши ўқиган, уларнинг 3697 нафари овоз берган. Иштирокчиларнинг 56 фоизи “Ҳа, танийман. Яхши иш олиб боряпти” деган жавобда тўхталган. 32 фоизи “Йўқ, танимайман. Бор-йўқлиги билинмайди”, 12 фоизи “Танийман. Тадбирлар ўтказиб туради, аммо самараси унча сезилмайди”, деган жавобларни белгилаган.
Шунингдек, мазкур сўровнома остида 150 га яқин изоҳ қолдирилган. Уларни ўқиб, турли баҳс-мунозараларга ҳам гувоҳ бўлдик. Изоҳларда айрим фойдаланувчилар маҳалладаги ёшлар етакчилари фаолиятидан кўнгли тўлмаганини билдирса, унга жавобан айнан маҳалла ёшлар етакчиларининг кескин эътирозлари баён этилган.
Изоҳлардан бирида “Нима иш қилади ёшлар етакчиси? Фаолияти нималардан иборат? Тушунча беринг, икки нафар ёш фарзандим бор, маълумот олсам, фойдали бўлармиди?”, дейилади. Яна бир иштирокчи “Маҳалла ёшлар етакчисининг борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмайди”, дея изоҳ қолдирган бўлса, яна бири “Гуруч курмаксиз бўлмайди. Етакчиларнинг ҳаммасини ҳам ишламаганга чиқариш ноҳақлик. Кўпгина ёшлар уларнинг кўмаги билан ҳаётда ўз ўрнини топяпти, ота-оналари хурсанд”, дейди. Обуначиларимиздан яна бири ёшлар етакчиларининг фақат суратга олиш билан шуғулланишини айтса, яна бири ёшларни бирлаштириб, уларга турли ёрдамлар кўрсатаётгани учун раҳмат айтган.
Сўровномада қатнашиб, ёшлар ҳаётига беэътибор бўлмаган ҳар бир иштирокчидан миннатдормиз.
Хабарингиз бор, вилоят ҳокимлигида ўтказилган муҳокамада қайд этилган яна бир масала телеграм каналимиз ва газетада эълон қилинган эди. Яъни, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича “Ёшлар дафтари”га киритилган 12 минг 488 нафар ёшларнинг 9054 нафари "дафтар"дан чиқарилган. Аммо“дафтар”га йил бошида киритилган бўлишига қарамасдан, ҳозиргача Самарқанд шаҳарида 38 нафар, Қўшработ туманида 15 нафар, Ургут туманида 32 нафар, Нуробод туманида 15 нафар, Нарпай туманида 17 нафар, Пайариқ туманида 25 нафар ёшга умуман эътибор берилмаган, бирор амалий ёрдам ҳам кўрсатилмаган.
Энг ачинарлиси, 2023 йилда "дафтар"га киритилган бўлишига қарамасдан Пайариқда 195 нафар, Нарпайда 168 нафар, Булунғурда 88 нафар, Иштихонда 87 нафар, Ургутда 80 нафар, Тойлоқда 76 нафар ва Самарқанд шаҳрида 58 нафар ёшга ҳозиргача бирор турдаги ёрдам берилмаган.
Биз Пайариқ туманида бўлиб, айрим маҳаллалардаги етакчилар фаолияти, туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга ёрдам берилмаётганининг сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдик.
Туманнинг Сарисув маҳалласида 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 1675 нафарини ёшлар ташкил этади.
- Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириляпти, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Шаҳриёр Комилжонов. – “Беш ташаббус олимпиадаси”да иштирок этаётган йигит-қизларимиз юқори натижаларни қўлга киритяпти. Масалан, “Заковат” интеллектуал ўйинида қатнашаётган жамоамиз 2022 йилда республикада ғолиб бўлди. 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда давлатимиз раҳбари билан учрашишга муяссар бўлдик. Қувонарлиси, шу йилги байрам арафасида, жамоа сардори, маҳалладошимиз Баҳодир Аноров “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Маҳалламизда 2024 йилнинг биринчи ярмида 5 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилиб, барчасига кўмак кўрсатилди ва рўйхатдан чиқарилди.
Шунингдек, туманнинг Челак шаҳарчаси Тошҳовуз маҳалласи ёшларининг айримлари билан суҳбатлашдик.
- Турмуш ўртоғим ишлаш учун ҳорижга кетганди, - дейди Дилдора Мамадиёрова. – Бироздан сўнг мен ҳам унинг ортидан кетдим. Бир яшар фарзандимиз уйда, катта қайнонамнинг қўлида қолди. Хорижда ишлашнинг ўзи бўлмас экан. Бир куни маҳалламиз ёшлар етакчиси Фотима Деҳқонова ижтимоий тармоқ орқали мен билан боғланиб, юртга қайтишимни таклиф қилди. Мен эса ишсизликдан қийналганларимни гапириб бердим. У менга ёрдам беришини айтди. Ишониб-ишонмай қайтиб келдим. Оддийроқ бўлсаям иш топиб берди. Субсидия асосида замонавий тикув машинаси олишимга кўмаклашди. Маҳалла марказида жамоатчилик асосида ишлаб, 1 миллион 200 минг сўм ойлик оляпман. Қолаверса тикувчиликни ҳам пухта ўрганяпман.
Маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун турли тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб турилади. Натижада тошҳовузлик йигит-қизларнинг 3 нафари Осиё чемпиони бўлган ва яна кўпчилиги турли танловларда ғолибликни қўлга киритиб келяпти. Ёшлар етакчиси Фотима Деҳқонова фаоллиги учун ўтган йили “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланган.
- Фаолият бошлаганимдан бери маҳалламиз ёшларининг 78 нафари “ёшлар дафтари”га киритилган, - дейди Ф.Деҳқонова. - Уларнинг 74 нафари турли йўналишлар бўйича ёрдамлар кўрсатилгани учун бу рўйхатдан чиқарилган. Асбоб-ускуна ва моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган 4 нафар ёш ҳозирча “дафтар”да турибди. Уларнинг рўйхати туман васийлик кенгашига тақдим қилинган. “Ёшлар дафтари” жамғармасидан маблағ ажратилиши билан бу масала ўз ечимини топади.
Туманнинг Фидокор маҳалласида 3907 киши яшайди. Уларнинг 1012 нафарини ёшлар ташкил қилади. 2024 йилда 10 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, уларнинг 7 нафари ҳали бу рўйхатдан чиқарилмаган.
- Аслида бу ёшларнинг еттовига ҳам ёрдам кўрсатилган, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Ахрорхон Суннатов. – 5 нафари ўқиш учун шартнома тўлови, бир нафари кимё фанидан олимпиадага бориб-келиш ҳаражатларини қоплаш, яна бир нафари қўшимча тўгаракка қатнашиши учун моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Барчаси учун маблағ ажратилган. Фақат техник сабаб, яъни СМС-хабарнома хизмати ишламай тургани учун улар “дафтар”дан чиқарилмай турибди.
Ҳақиқатдан ҳам вилоят туманлари орасида энг кўп Пайариқда, яъни “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг 195 нафари бу рўйхатдан чиқарилмаган. Бунинг сабаблари ҳақида изоҳ сўраб туман ҳокимлиги масъулларига ҳам мурожаат қилдик.
- Бу маълумотлар электрон базадан олинган, - дейди туман ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Ойбек Романов. – Тўғри, 195 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”да турибди, аммо бу уларнинг ҳаммасига ҳам ёрдам берилмади, дегани эмас. 162 нафарига турли йўналишларда кўмаклар кўрсатилган, аммо уларнинг қўл телефонларига СМС-хабарнома келиши керак. Ҳозирча шу хизмат фаолияти тўхтаб тургани учун “дафтар”дан чиқарилмай турибди. Шунингдек, 33 нафарига асбоб-ускуналар берилиши зарур. Бу масалалар масъуллар ўртасида муҳокама қилинди ва 2-3 кунда муаммо бартараф этилади.
Мақола тайёрланаётган пайтда туман ҳокимлигидан хабар келди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 26 нафар йигит-қизга ўзлари сўраган асбоб-ускуналар етказилибди. Уларнинг айримлари билан телефон орқали суҳбатлашдик.
- “Ёшлар дафтари”га киритилганим эсимданам чиқиб кетганди, - дейди Илғор маҳалласида яшовчи Ёрқин Қаюмов. – Кеча пайвандлаш ускунасини келтириб берди. Энди ундан унумли фойдаланиб, даромад қилишни режалаштиряпман.
“Дафтар”да турган бошқа ёшларга ҳам кўмак кўрсатилиши ёки рўйхатдан чиқариш билан боғлиқ масалалар ҳам ечимини топиб қолар. Ҳали бу мавзуга яна қайтамиз.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов,
Жасур Шукуров.