"Самарқандда  ҳар бир ғишт, ҳар бир нақш тарихдан сўзлайди"

Ҳар бир инсон учун туғилиб ўсган юрти, айниқса, болалик хотиралари билан боғлиқ маскан алоҳида қадрлидир. Менинг юрагимга яқин, азиз шаҳрим бу – Самарқанд. У нафақат менинг шаҳрим, балки дунё сайёҳлари эътиборини тортган, тарих ва замонавийлик уйғунлашган бебаҳо маскандир.

Самарқандни кўрган ҳар бир сайёҳ ҳайратланиш билан бу юрт ҳақида илиқ фикрлар билдиради.

Самарқанд бу тарихнинг тирик гувоҳи. Қадимий Афросиёб харобалари, Регистон мажмуаси, Улуғбек мадрасаси, Шоҳи Зинда зиёратгоҳи, Бибихоним масжиди ва бошқа кўплаб тарихий обидалар минг йиллар давомида сақланиб келмоқда. Айнан шу обидалар кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этади.

Франциялик сайёҳ Мари-Анн бу ҳақида шундай деган эди:

“Мен кўплаб тарихий шаҳарларда бўлганман, лекин Самарқанддек бетакрор шаҳарни кўрмаганман. Бу ерда ҳар бир ғишт, ҳар бир нақш тарихдан сўзлайди.”

Бу каби таассуротлар билан юртига қайтаётган сайёҳлар талайгина. Улар Самарқандни Ўзбекистоннинг юраги деб аташади. Айниқса, Регистон майдони сайёҳлар учун энг машҳур диққатга сазовор жойлардан бири. У ўзининг меъморий тузилиши, гумбазлари ва безаклари билан кўзни қамаштиради.

Кейинги йилларда Самарқанд жадал ривожланмоқда. 2022 йилда ШҲТ саммити муносабати билан барпо этилган “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази бу ривожланишнинг ёрқин намунаси бўлди. Халқаро даражадаги меҳмонхоналар, хиёбонлар, кафе ва ресторанлар, Конгресс маркази — буларнинг барчаси сайёҳлар учун қулайликлар яратмоқда.

Кореялик турист Пак Жи Сунг Самарқанд ҳақидаги фикрида шундай деган:

“Самарқандда тарихий обидаларни кўриб, ўзимни гўёки минг йиллар орқасига қайтгандек ҳис қилдим. Аммо меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш сифати ва транспорт қулайлиги бу шаҳарни замонавий қилишини унутмайди.”

Шаҳарда янги аэропортнинг очилиши, туристик маршрутларнинг кўпайиши, таржимон гидлар хизмати ва электрон ахборот технологияларининг жорий этилиши Самарқандни сайёҳлар учун янада жозибадор қилмоқда.  

Луиза Музаффарова,

Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти.