Самарқандда Ҳаракатлар стратегиясини ўрганиш бўйича услубий қўлланма нашр қилинди

Cамарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўқув курси ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида “Zarafshon” нашриёти давлат корхонаси томонидан “Ҳаракатлар стратегиясини ўрганиш бўйича услубий қўлланма” чоп этилди.

Ҳар бир даврнинг ўз ривожланиш талаблари, таълимотлари, муносабатлари ва тамойиллари мавжуд. Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистоннинг тарихий тараққиёти ва ривожланишида янгича даврни бошлаб берди. Стратегияда давлатимизнинг барча соҳаларида ривожлантиришнинг йўллари белгиланган.

Уни ўрганиш бўйича услубий қўлланмада Ҳаракатлар стратегияси, фармоннинг маъноси, тузилиши, стратегиянинг моҳияти ва жамият ҳаётидаги роли, ушбу ҳужжатнинг назарий ва амалий аҳамияти ҳар томонлама очиб берилган.

Ушбу қўлланма кенг жамотчиликка дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Чунки тараққиётимиз йўналишларини пухта билиш, уни амалга оширишдаги ишлар самарасини белгилайди.

Мамлакатимиз миқёсидаги бундай муҳим ҳужжатларнинг вилоятимизда ўрганилиши, шу муносабат билан маънавий-маърифий ишларни янада фаоллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида миллий қонунчилигимиз асосларини очиб беришга бағишланган рисолалар, ўқув қўлланмалари, ижтимоий сиёсий-материаллар чоп этилиши Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегиясидаги барча йўналиш ва вазифаларнинг адо эталиётгани намунасидир.

Шу жиҳатдан, ушбу материалларнинг аҳоли орасида кенг тарқалишини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Бу эса биринчидан, Ҳаракатлар стратегияси бўйича тушунча, ибора ва терминларни, иккинчидан, Ҳаракатлар стратегияси асосида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур ва атрофлича тадқиқ этишни тақозо этади.

Т.Эргашев ва О.Турсуноваларнинг мазкур услубий қўлланмаси Ҳаракатлар стратегиясини ўрганиш бўйича юзага келадиган саволлар, долзарб муаммоларга бағишланган. Қўлланманинг тузилиши методика, луғатшунослик, ҳуқуқшунослик жиҳатидан мантиқий кетма-кетликка эга.

Қўлланма негизида Ҳаракатлар стратегиясига оид терминлар аҳамияти бўйича таҳлил қилинган. Қўлланмада асосан луғатлар, ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари ва турли йўналишдаги олимларнинг тадқиқотларидан фойдалангани тўпланган ва тадқиқ этилган ҳолатларнинг ишончлилигини оширган.

Ёқуб МАРҚАЕВ.