Самарқандда ҳайдовчи ва пиёдалар учун «хавфсизлик оролчалари» яратилмоқда
Телеграм каналимиз ўқувчилари шу кунларда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Буюк ипак йўли, Беруний ҳамда Спитамен шоҳ кўчалари чорраҳасида ўзига хос йўл қурилиши бўлаётгани, бунинг оқибатида транспорт ҳаракатида тушунмовчиликлар келиб чиқаётгани ҳақида мурожаат йўллашди.
Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мухбиримиз ушбу манзилда бўлди.
- Йўлларда вужудга келаётган тирбандликларни фақатгина йўлларни кенгайтириш, янги йўл ўтказгичларини қуриш эвазига ҳал қилиб бўлмайди, - дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ махсус эксплуатация-монтаж бўлими бошлиғи Аҳмад Жўраев. - Ҳозирги пайтда асосий эътиборни жамоат транспорти ҳаракатланиши устуворлигига қаратиш, унинг жозибадорлигини ошириш, барча учун қулай ва хавфсиз манзилга етиб олиш имкониятини яратадиган, шахсий транспортдан кўра жамоат транспорти афзаллигини таъминлаш талаб этилади.
Айни пайтда ушбу чорраҳада амалга оширилаётган йўл қурилиши, "хавфсизлик оролчаси" яратиш, қўшимча светофор ўрнатиш ва пиёдалар йўлаги учун "зебра"лар чизиш ишлари келгусида йўл ҳаракати ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Муҳими, автоуловлар тирбандлигининг олдини олади.
Бахтиёр Мустанов.