Самарқандда ҳоким ёрдамчиси, тьютор ва яна бир шахс пора билан ушланди
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда юртдошларимизнинг ишончига кириб, коррупцион ҳолатларнинг янада илдиз отишига замин яратган бир неча шахс ашёвий далиллар билан ушланди.
Хусусан, олиб борилган тадбир давомида Самарқанд давлат университети математика факультети тьютори вазифасида ишловчи, 1975 йилда туғилган Т.А. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, маҳаллий фуқароларнинг меҳнат фаолиятларига 20 йиллик иш стажи қўшиб, нафақага чиқариб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 3 000 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.
Худди шундай ўтказилган тезкор тадбирларнинг бирида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган Ў.М. Навоий кон-металлургия комбинатида ишловчи яқин танишларининг имконияти орқали маҳаллий фуқарони комбинатга қарашли “Маржонбулоқ” ва “Зарафшон” олтин конларидан бирига ишга киритишга ёрдам беришини айтиб, ундан 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб, олаётган вақтида ушланган.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти вилоят бошқармаси билан хамкорликда ўтказилган тадбирда 1990 йилда туғилган, Самарқанд шаҳрида яшовчи, Самарқанд туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи Х.Э. ва 1975 йилда туғилган Паст Дарғом туманида яшовчи, Самарқанд туманидаги маҳаллаларнинг бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи Б.В.лар жиноий тил бириктирган ҳолда тумандаги маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Сиёб канали бўйида жойлашган, ҳокимлик захирасидаги 3,5 сотих бўш ер майдонини "сотаётган" пайтда ушлаган. Улар бу ер майдонини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги ПФ-29-сонли Фармонига асосан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш баҳонасида аукционга чиқариб, ютиб бериш ва туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали кадастр ҳужжатларини қонуний расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий фуқародан 1 300 АҚШ долларини талаб қилиб, олдиндан 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бўнак сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда юқорида келтирилган барча шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.