Самарқандда Жанубий Кореяга оид қанча экспонатлар бор?

"Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида "Ўзбекистонда маданий меросни барқарор бошқариш" мавзусида Ўзбекистон - Корея симпозиуми бўлиб ўтди.

Симпозиум Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Корея Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Ўзбекистонда музейлар салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини яхшилаш" лойиҳасининг биринчи босқичини якунлашга бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Корея Республикаси маданий меросини тарғиб қилиш бюроси бош директори Кён Хун, Корея маданий мерос жамғармаси дастури раҳбари Ким Донг Ха ҳамда мамлакатимиз музей ва галереялари раҳбарлари, соҳанинг етакчи экспертлари иштирок этди. Таъкидлаш лозимки, ушбу тадбир симпозиумнинг назарий жиҳатларини очиб берди.

Симпозиумнинг иккинчи куни, яъни амалий қисми кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган "Музей экспонатлари ва археологик топилмаларни тиклаш ва реконструкция қилиш" кўргазмасининг тақдимоти билан бошланди.

- Халқларимиз ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади,  хусусан, Афросиёб деворий суратларида Корея элчиларининг сурати бунга далил, - деди тСамарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори Самариддин Мустафоқулов. – Маданий меросимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодга бекаму-кўст етказиш йўлида кореяликлар билан икки йилдан буён олиб бораётган ҳамкорлигимиз бунинг рамзий давоми. Биз фақат шу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Ушбу тадбирлар доирасида археологик туризмни ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган лойиҳаларимизни ҳам келишиб олдик. 

Корея маданий мерос бошқармаси 2020 йил бошидан, икки йил давомида маданий меросни асраш, консервацияни ривожлантириш каби йўналишлар бўйича ODA (Official Development Assistanse) лойиҳасини амалга оширди. Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейининг таъмирлаш лабораториясини замонавий ҳолга келтириш учун музей биносининг 4-қават кўргазмалар зали жиҳозланди. Лабораторияга Кореядан 120 дан ортиқ керамика, металл буюмлари реставрация қилинадиган ускуналар олиб келиниб, замонавий лаборатория яратилди. 

- Бугунги тадбирлар маданий мерос соҳасида ҳамкорлигимизнинг бошланишидир, - дейди Корея Республикаси маданий меросини тарғиб қилиш бюроси бош директори Ли Кён Хун. – Икки йиллик фаолиятимиз доирасида Самарқанд давлат музейида таъмирлаш лабораториясини ташкил этдик. Ушбу лойиҳада иштирок этаётган ўзбекистонлик музей ходимлари ва мутахассисларига ҳам миннатдорлик билдираман. Бугун лойиҳанинг биринчи қисмини муваффақиятли амалга оширдик. Келажакда ҳам бу соҳада алоқаларимизни мустаҳкамлаш ниятидамиз.

Кўргазма аввалида тўрт ой мобайнида музейда фаолият олиб борган кореялик ва ўзбекистонлик тажрибали мутахассислардан иборат гуруҳга эсдалик совғалари топширилиб, меҳнатлари муносиб эътироф этилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари экспонат кўргазмасига таклиф қилинди. Улар музейнинг таъмирлаш бўлимида корея ва юртимизга оид экспонатлар ва замонавий лаборатория иш фаолияти билан танишди. 

 - Шу пайтгача экспонатларни эски усулда, технологияларсиз таъмирлар эдик, - дейди лаборатория бўлими ходими Ҳилола Ортиқова. - Масалан, тозалаш, экспонатлар юзасини тузлардан ювиш, бронза ашёларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдик.

Самарқандда замонавий таъмирлаш лабораториясининг фаолият бошлаши тарихий экспонатларимизни сақлаш, уни келажак авлодга етказишда имконият эшикларини очади. Қолаверса, халқаро маданий алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга замин яратади.

 

Сулаймон Мардиев.