Самарқандда Жанубий Кореялик шифокорлар иштирокида тиббий кўрик ўтказилди

 12–13 август кунлари Самарқанд вилоятида Жанубий Кореянинг “Сеонам” тиббий кўнгиллилар гуруҳи иштирокида кенг кўламли тиббий акция ўтказилди.

 Тадбир доирасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида мутахассислар томонидан беморлар кўрикдан ўтказилди, маслаҳатлар берилди ва операциялар амалга оширилди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида отоларингология бўйича маҳорат дарси ўтказилиб, 62 нафар беморга маслаҳат берилди. Физиотерапия бўлимида акупунктур, массаж ва ўсимлик дори воситалари қўлланилиб, 26 нафар бемор кўрикдан ўтказилди. Жарроҳлик бўлимида эса 24 нафар бемор қабул қилинди.

Шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 150 дан ортиқ бемор кўрикдан ўтказилиб, 1000 дан ортиқ дори-дармон ва совғалар тарқатилган бўлса, Травматология ва ортопедия марказида 2 та амалиёт ўтказилиб, 20 дан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Тадбир давомида кореялик мутахассислар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди ва тажриба алмашилди. Беморлар кўрсатилган тиббий ёрдам учун Жанубий Корея шифокорларига миннатдорчилик билдирди.

✍ Ташриф якунида томонлар ўртасида ҳамкорликни давом эттириш бўйича меморандум имзоланди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.