Самарқандда жиноят ишлари бўйича судлар қанча одамга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган?
Айни пайтда вилоят Матбуот уйида вилоятдаги судлар раҳбарлари иштирокида брифинг бўлиб ўтмоқда.
Унда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитов вилоятда содир этилган жиноятлар ҳақида маълумот берди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судларининг 2020 йил биринчи ярим йиллигида вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан 1870 нафар шахсга нисбатан 1518 та жиноят ишлари кўриб тамомланган.
Шу даврда судланган 1365 нафар шахсларнинг 320 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 503 нафарига озодликни чеклаш, 25 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 388 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 114 нафарига жарима, 15 нафарига шартли ҳукм тайинланган.
Бундан ташқари, 433 нафар шахсга нисбатан 405 жиноят ишлари тугатилган. Тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан 392 таси тугатилган, натижада 413 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Судда жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 101 нафар шахсга, ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 19 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Вилоят судларининг барча инстанцияларида 8 та жиноят иши бўйича 8 нафар шахс оқланган.
Шу билан бирга, таҳлил қилинаётган даврда вилоят судларига 349 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимосномалар келиб тушган. Илтимосномаларнинг 347 таси қаноатлантирилган, 2 таси рад қилинган.
Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Самарқанд шаҳри ва Нарпай туманларида 7 та, Каттақўрғон шаҳар ва Жомбой туманларида 5 тадан, Оқдарё ва Каттақўрғон туманларида 4 та, Тойлоқ ва Паст Дарғом туманларида 3 тадан, Пахтачи туманида 2 та, Қўшработ туманида 1 та кўп содир этилган.
Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жинояти Каттақўрғон шаҳрида 7 та, Тойлоқ туманида 6 та, Иштихон ва Самарқанд туманларида 4 та, Жомбой туманида 3 та, Каттақўрғон туманида 2 та, Пахтачи ва Паст Дарғом туманида 2 тага кўпайган.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.