Самарқандда жонли ижрода куйлайдиган санъаткорлар кўп
Юртимизда, қолаверса, вилоятимизда мусиқа санъати қадимдан ривожланган. Тарихчи Шарофиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Соҳибқирон Амир Темур саройида ўтказиладиган мусиқий анжуманлар ҳақида шундай қайд этади: “Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку уйғур, мўғулу хитой, арабу ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди”.
Шу ўринда 1852-1936 йилларда Самарқандда яшаб ижод қилган таниқли бастакор, бетакрор овоз соҳиби, ўзбек мақом санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловни эслаш ўринли. У киши яратган, жонли ижрода куйлаган “Гулузорим”, “Гуллар боғи”, “Бебоқча” “Бозургоний”, “Самарқанд ушшоғи” каби юзлаб қўшиқлар мумтоз мусиқа меросимизнинг энг ноёб асарлари қаторидан жой олган.
“Шашмақом”ни ўрганиш ва кенг тарғиб этишда Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг хизмати катта бўлган. Қолаверса, Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабий ҳам унинг Самарқанддаги хонадонида яшаб, машҳур ҳофиздан сабоқ олган.
Бугунги кунда Ўзбекистон филармонияси вилоят бўлинмаси, маданият бошқармаси қошидаги “Мақом” ансамбли, кўплаб хонандалар устоз санъаткорнинг бой илмий ва бадиий меросини ўрганиш ва давом эттириш баробарида, машҳур ҳофизнинг қўшиқларини меҳр билан куйлашмоқда.
Яқинда Zarnews.uz сайтида “Зарафшон” газетаси мухбири Насиба Жонтўраеванинг “Самарқандда жонли ижрода айтадиган санъаткор борми?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Тўғри, авваллари ҳофизларимиз жонли ижрода куйлаганлари боис “жонли ижро” ёки “фонограмма” деган иборалар юритилмасди. Энди рекламаларда ҳам “Қўшиқлар жонли ижрода куйланади” ёхуд бунинг акси – “...фонограммадан фойдаланилади”, деб огоҳлантиради.
Инсон зоти табиатан соддалик, енгиллик ва осонликка интилади. Техника асри имкониятлари ошгани сайин айрим санъаткорлар фонограммадан кўпроқ фойдаланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо яхши нарсанинг ёмон томони ҳам бор, деганларидек фонограмма ҳақиқий истеъдоднинг рўёбига аксарият ҳолларда тўсқинлик қилмоқда. Бугун мухлислар орасида жонли ижрони соғинганлар кўп. Олдинлари тўйларимизда санъаткорларимиз жонли ижрода қўшиқлар куйлаб, халқнинг олқишига сазовор бўларди. Бугун эса тайёр мусиқани қўйиб, оғзини қимирлатиб, концерт бераётганлар ҳам йўқ эмас.
Мақола муаллифи “Самарқандда жонли ижрода айтадиган санъаткор борми?” сарлавҳа остида “фонограмма санъати”ни таҳлил қилиш баробарида вилоятимизда ижод қилаётган санъаткорларимизни жонли ижрода куйлашга даъват қилишни ўз олдига мақсад қилгани албатта, таҳсинга сазовор.
Шу ўринда, вилоятимизда жонли ижрода куйлаётган устоз санъаткорлар Асатулла Атоуллоев, Ўзбекистон ҳалқ артисти Мардон Мавлонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Эркин Қайтаров, Ваҳобиддин Баҳриев, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ғиёс Облоқулов, Анвар Мирзаев, Фарангиз Шамсиева, Шаҳзод Муродов, “Шуҳрат” медали соҳиби Бекмурод Сафаров, хонанда Алишер Муҳаммадиевлар қаторида ёш истеъдод эгалари ҳам жуда кўплигини таъкидлаш жоиз. Уларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Йигит-қизлар орасидан истеъдодлар танланмоқда. Турли шаклдаги онлайн концертлар, танловлар уюштирилиб, уларнинг имкониятлари синовдан ўтказилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 26 майда қабул қилган “Маданият соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ҳам санъат ва маданият соҳасининг янада ривожланишига ниҳоятда улкан имконият эшикларини очиб берди.
Қарорга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартибининг жорий этилиши мана шундай истеъдодли санъаткорларимизга бўлган эътиборнинг бир кўринишидир.
Бугунги кунда ҳам пандемия сабабли эълон қилинган карантин боис эл севган ва таниган санъаткорларимиз томонидан ўз уйларида жонли ижрода куйлаётган қўшиқлар ва онлайн концерт дастурлари халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси қошидаги “Ашула ва рақс” ансамблининг “Соғинч” деб номланган жонли ижродаги онлайн концерт дастури, Ўзбекистон халқ артисти Мардон Мавлонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров, Ўзбекистон давлат филармонияси Самарқанд вилояти бўлинмаси хушовоз хонандаси Озода Аҳмедова, “Отажон Худойшукуров қўшиқлари” республика танлови ғолиби, хонанда Хушнуд Эштўхтаевларнинг “Биз сиз учун куйлаймиз – сиз уйда қолинг”, деб номланган жонли ижродаги онлайн концерт дастурлари Самарқанд телерадиокомпанияси ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳавола этилмоқда.
Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 30 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари, вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаби, тизимда фаолият юритаётган “Халқ ҳаваскорлик жамоаси”, “Болалар намунали жамоаси” унвонига эга бўлган 28 та ижодий жамоалар, “Чавқи”, “Бешқарсак” ва “Сарбози” фольклор ансамбллари жонли ижрода ҳар йили ҳисобот концертларини намойиш этишади.
Санъат – инсоннинг орзу-ҳаваси, қувончу шодлиги, армон ва изтироблари, ички кечинмаларини ифода этадиган сеҳрли мўъжиза. Мусаввир, носиру шоир тасвирлаб беролмаган ҳис-туйғулар мусиқада бор бўй-басти билан намоён бўлади. Уни тушуниш, ҳис қилиш учун таржимон шарт эмас. Мусиқа халқларни, миллат ва элатларни бир-бирига танитади, қалбан яқинлаштиради. Шу сабаб миллий мусиқа санъатимизни чуқур ўрганишимиз, жонли ижрода куйлай оладиган ёшларимиз истеъдодини юзага чиқаришимиз, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватламоғимиз лозим.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, журналист Насиба Жонтўраеванинг мазкур мақоласида айни шу бугунги куннинг энг долзарб масалалари кўтарилган бўлиб, вилоят маданият бошқармаси тизим ташкилотлари ходимлари, хонандалар иштирокида муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди. Ҳалқимизга манзур бўладиган куй-қўшиқлар яратиш, жонли ижродаги концерт дастурларини янада кўпайтириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш борасида фикрлашилди, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хўжақул МУҲАММАДИЕВ,
Самарқанд вилояти ҳокимлиги маданият бошқармаси бошлиғи.