Самарқандда жойи, манзили бор-у номи йўқ ҳудудлар қанча? Уларга қачон ном берилади?
Самарқанд вилоятида ҳамон номсиз кўча, қабристон, зиёратгоҳ, истироҳат боғлари ва майдонлар мавжуд.
Уларни номлаш бўйича яқинда вилоятда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Барча туман ва шаҳарларда номсиз жойлар ўрганиб чиқилди. Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида 100 та номсиз (тор ва берк) кўча мавжуд бўлиб, уларни номлаш бўйича таклифлар берилди. Самарқанд шаҳрида номсиз кўчалар сони 15 та бўлиб, уларга ҳам янги номлар бериладиган бўлди. Масалан, шаҳарнинг Галаосиё маҳалласида 5 та номсиз кўча бўлиб, уларга Улуғбек юлдузлари, Галаосиё, Камар, Шивар, Шивариболо деган номлар таклиф қилинди.
Бундан ташқари, барча туманлардаги номсиз кўчалар аниқланди.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссия йиғилишида Самарқанд, Каттақўрғон шаҳри, Оқдарё, Қўшработ, Тойлоқ, Булунғур, Ургут, Иштихон, Пайариқ, Каттақўрғон туманларидаги номсиз ҳудудларни номлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги давлат реестри базасида мавжуд бўлмаган 140 та кўчани экспертизадан ўтказиш бўйича таклифлар берилди.
Ўрганиш жараёнида Булунғур туманидаги 11 та аҳоли пункти номи қонун талабларига зид бўлгани учун янги ном бериладиган бўлди. 93 та қабристон, 3 та майдон ва 4 та зиёратгоҳни номлаш бўйича таклифлар берилди.
Пайариқ туманидаги номсиз 128 та қабристон, 2 та истироҳат боғи ва майдон аниқланди.
Каттақўрғон туманидаги 6 та маҳалла номи қонун талабларига зид деб топилиб, уларга янги ном бериладиган бўлди. Шунингдек, 184 та қабристон, 3 та майдон, 5 та зиёратгоҳ ва 2 та истироҳат боғини номлаш бўйича таклифлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссия шаҳар ва туманлардаги номсиз, қонун талабларига зид ёки такрор бўлган жой номларини номлаш бўйича таклифларни ўрганиб чиқди. Тавсия этилаётган таклифлар республика комиссия томонидан тасдиқлангач, вилоятда номсиз ҳудудлар қолмайди.
Хуршида Эрназарова.