Самарқандда коронавирус билан курашган 68 нафар тиббиёт ходимлари иш жойидан карантин ҳудудига кузатилди

Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 68 нафар тиббиёт ходимлари 14 кунлик иш фаолиятини тугатиб, яна шунча кун давомида карантинни ўташ учун жўнатилди.

Вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ушбу муддат давомида коронавирус юқтирган беморларнинг муолажасида иштирок этган тиббиёт ходимларини тантанали тарзда кузатиб қўйишди.

- Аввало шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ушбу хасталикка чалинган беморлар билан ишлаган ҳар бир тиббиёт ходимини қаҳрамонга қиёслаган бўлардим, - деди вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов. - Бугун уларнинг иккинчи қисми ўз фаолиятини тугатиб, учинчи гуруҳ ходимлар иш фаолиятини бошлади. Ушбу давр давомида Самарқандда вирусга чалинганларнинг 23 нафари тузалди. Шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимларига ушбу даврдаги фаолияти учун белгиланган миқдордаги, 25 миллиондан 10 миллион сўмгача бўлган маблағлар тўлаб берилди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси дарвозалари очилгач, бир гуруҳ тиббиёт ходимлари кўзлари қувончдан порлаганча ўзларини тайёрлаб қўйилган уловларга уришди. Бир бинодан чиқмай ишлаган мутахассислар учун бу озодликдан баҳра олишдай гап.

- Тўғриси, ўзимни вазифамни бажаришга киришаётган мутахассисдай ҳис қилдим, ундан ортиқ эмас, - дейди вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Машҳура Абдуғаниева. - Оиламдагилар ҳам касбимни жуда яхши тушунишади ва бу ерда 14 кун мобайнида, бугун кўпчиликни ўйлантираётган коронавирус билан хасталанган беморларни даволаш учун ишлашимга оддий ҳол сифатида қарашди. Мен юқумли касалликлар шифохонасида ишлайман, ахир! Бошқа пайтларда ҳам эҳтиёткорлик ва юқори масъуллик билан фаолиятимни амалга оширишим лозим. Бу турли бошқа хасталиклар юқиш эҳтимоли юқори, дегани. Беморларга ваҳимага тушмаслиги учун қўлдан келганча муолажа билан бирга уларга руҳан далда беришга ҳам уриндик.

Шифокор ва тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашар эканмиз, улар фақатгина ўз вазифасини бажарган, қаҳрамонлик қилаётгани хаёлига ҳам келмаганини ҳис қилиш мумкин эди. Аксинча, биз билан гаплашманг, ўзингизни эҳтиёт қилинглар, биз потенциал вирус ташувчи бўлишимиз мумкин, ахир, дея шу ерда ҳам ўз масъулиятини унутмаганлари кўп бўлди.

Шунингдек, шу куни Самарқандлик икки нафар бемор ҳам тузалиб, реабилитацияга кузатилди.

 

Гулруҳ МЎМИНОВА.