Самарқандда кулолчилик мактаби ташкил этилса...

Уста чарх ёнига келиб ўтириб, устоз ва пирлари руҳи мададкор бўлишини тилаб, дуо қилиб, юзига фотиҳа тортади. Кейин ўнг оёғи билан чархни ҳаракатга келтириб, обдон пишитилган лойдан янги санъат асари ясашга тушади. Ускуна гир-гир айланади, уста нигоҳини узмай, сеҳрли қўллари билан гилга ишлов бераверади ва у секин-аста шаклга кираверади. Бироздан сўнг бир парчагина лойдан бежирим кўза ясалади. Уста гўё гўдакни кўтаргандек, уни авайлаб қўлига олиб, завқланиб томоша қилади ва оҳистагини бошқа кўзалар ёнига қўяди. Энди уни қуритиб, хумдонда пишириш, кейин ранг ва жило бериш зарур.

Уста Умар Жўрақуловнинг сўнгги шогирди

Шариф Азимов учун бу жараён 55 йилдан буён давом этса-да, ҳар гал чарх ёнига келганида кўнглида алланечук ҳислар уйғонади, дунё ташвишларини унутиб, хаёлида пишитиб қўйган ва кўз олдида аниқ-тиниқ намоён бўлиб турган санъат асарини энди ўз қўллари билан яратишга киришади. Қулоғига фақат чархнинг бир маромда айланиши, қўллари орасидаги лойдан чиқаётган майин сас эшитилади.

У илк бор бу чарх ёнига келиб, устози – уста Умар Жўрақуловнинг ишини завқ билан кузатган ва унга шогирд тушганида 16 ёшдаги ўспирин йигит эди.

– 1970 йилдан 1973 йилгача, устозим бандаликни бажо келтиргунларига қадар, у кишининг ёнида бўлиб, ҳунар ўрганганман, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, уста кулол Шариф Азимов. – Уста Умар Жўрақуловнинг кўплаб шогирдлари бўлса-да мен энг сўнгги шогирдиман ва устозимнинг ишини давом эттириб келаётганимдан фахрланаман. У киши кулоллар сулоласининг олтинчи вакили эди. Минг афсуски, устозимдан кейин фарзандлари орасидан бу ишни давом эттирадиганлар чиқмади. Шунинг учун мен устанинг фарзандидек Самарқанд кулолчилик анъанасини давом эттириб келяпман. Тўғри, Самарқандда кулоллар кўп, уста Умар Жўрақуловнинг шогирдлари ҳам бисёр, лекин шу соҳа вакиллари у киши яратган мактаб менинг ижодий ишларимда давом этиб келаётганини айтишади. Ҳозиргача фойдаланиб келаётганим, мени академик кулол даражасига кўтарган чарх ҳам устозимдан мерос қолган.

Самарқанд инсоният цивилизацияси бешикларидан бири, илм-маърифат, маданият маркази бўлгани учун ҳам бу ерда ҳунармандчилик анъаналари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Самарқанднинг уч минг йиллик тарихи аниқланган Афросиёб тепаликлари ва бошқа археологик ёдгорликлардан зардуштийлар, суғдийлар, кушонлар даврига оид ноёб ашёлар орасида энг кўп учрагани кулолчилик буюмлари, турли теракота, сопол идишлар бўлган. Бинобарин, кулолчилик инсоният маданий турмуш тарзининг илк белгилари ҳисобланади.

Соҳибқирон Амир Темур ҳукмдорлиги йилларида эса Самарқанд нафақат Ғарбу Шарқни боғлаган қудратли давлат пойтахти, балки том маънода маданият, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик маркази бўлган. Айнан шу даврда қадимий кентда уста ва ҳунармандлар маҳаллалари юзага келган. Уста Умар Жўрақулов шундай маҳаллалардан бири – Кулолоннинг вакили эди.

Ҳозир ҳам Самарқандда ўша қадимий маҳаллалар, ота-боболари ҳунарини давом эттириб келаётган маҳаллалар мавжуд. Аммо улар жуда кам ва бармоқ билан санарли. Мисол учун, азалдан ҳунармандлар маскани бўлган Конигил (номидан ҳам маълум, бу ер гилга бой ҳудуд сифатида, айниқса, кулоллар учун жуда қадрли жой) қишлоғига кейинги йилларда юртимизда қадимий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ва шу орқали сайёҳликни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи ҳисобланган мазкур маскан бугун чин маънода қадимий шуҳратини тиклаб, сайёҳлик масканига айланмоқда.

Пиёладан “қулт-қулт” кўзгача

Самарқанд кулолчилиги анъаналарининг бир неча минг йиллардан буён давом этиши ва ривожланишида айнан Конигилнинг аҳамият катта.

– Конигил шундай жойки, бу ерда кулолчилик учун зарур битмас туганмас тупроқ бор, – дейди Шариф Азимов. – Бизгача ҳам ундан баракали фойдаланишган, кейинги бир неча авлодларга ҳам етади. Фақатгина бугунги шиддаткор замонда бу жойларни турли бино ва иншоотлар қуриш, атроф-муҳитга зарар келтирувчи омиллар таъсиридан асраш зарур. Тўғри, бошқа жойларда ҳам кулолчилик учун тупроқ, гил топиш мумкин, лекин ярим асрлик кулол сифатида айта оламанки, ҳеч қаернинг лойи Конигилникидек бўлмайди. Мен маълум вақт Америкада ишлашимга тўғри келган. У ерда ҳам кулолчиликда фойдаланишга мўлжалланган 50 хилдан ортиқ тупроқ бор, ҳар биридан кўзалар ясаганман. Лекин Конигил тупроғидек майин, ширали лой бошқа жойда учрамайди. Устозим фақат шу тупроқдан буюмлар ясаган, мен ҳам ундан фойдаланиб келяпман. Уста қўл остида ясаган биринчи буюмим – пиёла ҳам Конигил тупроғидан эди.

Уста Умар Жўрақулов кулол сифатида турли хил буюмлар ясаган. Шариф ака эса фақат кўзагарлик билан шуғулланиб, бу ишни санъат даражасига кўтарди.

– Устоз шогирдига ҳамма ҳунарини ҳам ўргатмайди, айрим сирларни айтмайди, деган гап бор, – дейди Шариф Азимов. – Буни ҳар ким турлича талқин қилса-да, асл ҳақиқат шуки, шогирд устози айтмаса, ўргатмаса-да унинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, гап-сўзларини эшитиб, ўзи англаши, ҳунарни мукаммал ўрганиб олиши керак. Яъни, шогирд ҳар бир жараённи диққат билан кузатиши, зеҳни, фаросати билан устозининг хатти-ҳаракатидан сабоқ олиши лозим. Менга ҳам устозим уни қил, буни яса, деб айтиб ўтирмасди. Ўзим кўриб, кузатиб, кейин у киши сингари буюмлар ясашга интилганман. Масалан, “қулт-қулт” кўзани фақат уста Умар Жўрақулов ясарди. Бу шундай кўзаки, оғиз қисми шаклини бироз ўзгартириш ва айрим деталлар ўрнатиш орқали, идиш бўш бўлса ҳам ичидан сув оқаётгандек “қулт-қулт” овоз чиқади (шунинг учун кўза шундай номланган). Устозим шу кўзани ясаш жараёнини диққат билан кузатишимни айтарди ва тайёр бўлгач, эшитиб кўришимни сўрарди. Кейинчалик ўзим мустақил ишлаб бошлагач, шу соҳада бирмунча тажриба орттиргач, “қулт-қулт” ясаб кўришга киришдим. Кўза лойини тайёрлашдан пиширишгача бўлган жараёнда устозимнинг ҳар бир ҳаракатини кўз олдимга келтириб, ишладим ва кутганимдек кўза чиқди.

Луврдаги Самарқанд кўзалари

Кўп йиллар Самарқанд вилояти ва республика ҳунармандларига бош бўлган, айни пайтда эса республика “Ҳунарманд” уюшмаси раисининг маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатаётган Акобир Ҳакимовнинг айтишича, Шариф Азимов Самарқанд кулолчилик мактаби анъаналари давом эттириб, қадимий Афросиёб, Кушон кулолчилиги тикланишига катта ҳисса қўшди.

– Шариф ака кулолчиликнинг мураккаб йўналишларидан бири бўлган кўзагарлик билан шуғулланиб, бу борада ўзига хос мактаб яратди, – дейди Акобир Ҳакимов. – Анъанавий кулолчилик билан бирга Самарқанд ва Термиз шаҳарларидан топилган қадимий кўза ва бошқа идишларга қараб ёки улар ҳақида маълумотлар асосида ўша даврларга хос кулолчилик буюмлари ясашни ўзлаштирди. Бугун у киши ясаган турли хил кўзалар мамлакатимиздаги музейлар, халқ амалий санъати кўргазмаларидан ўрин олган, миллийлигимиз кўзгуси сифатида хорижий мамлакатлардаги элчихоналаримизга жойлаштирилган. Америка Қўшма Штатлари, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларда кўргазмалар ўтказган. Ҳатто, дунёга машҳур Лувр, Эрмитаж музейларида ҳам Шариф Азимов кўзаларини кўриш мумкин. Юртимизга ташриф буюрган нуфузли делегациялар, давлат раҳбарларига Шариф Азимов ясаган кўзалар ноёб ҳунармандчилик буюмлари сифатида намойиш этилгани ва совға қилинганига кўп гувоҳ бўлганман.

1997 йилда мамлакатимизнинг илк бор Бадиий академия ташкил этилганда Шариф ака дастлабки аъзолардан бири сифатида мазкур академия аъзолигига қабул қилинган. 2011 йилда эса Президент соврини учун “Ташаббус” республика кўрик-танловида “Энг яхши ҳунарманд” деб эътироф этилиб, автомобил билан тақдирланган. Бундан ташқари, у киши турли халқаро ташкилотлар, республика Маданият вазирлиги, Бадиий академия, кўплаб ижодий уюшма ва ташкилотлар томонидан ўтказиладиган танловларда эътироф этилиб, кўплаб фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар, сертификатлар билан тақдирланган.

Яқинда Шариф Азимов 70 ёшга тўлиши муносабати билан ўз хонадонида “Афросиёб садоси” деб номланган шахсий кўргазма уюштирди. Унда кулол томонидан ясалган мингдан ортиқ ашёлар намойиш этилди.

– Бугун юртимиздаги кўплаб музейлар, кўргазмаларда мен ясаган буюмлар намойиш этилса-да, санъат шайдолари улар билан яқиндан танишишлари учун Халфа Иброҳим маҳалласида – ўз хонадонимда кўргазма ташкил этдим, – дейди академик кулол. – Кўргазмадан ўзим ясаган минг хил кўзалар, қадимий кулолчилик буюмлари намуналари, шунингдек, ўғлимнинг ижодий асарлари ўрин олган. Халқимиз, хорижлик сайёҳлар ҳам хонадонимизга келиб, кўргазмани томоша қилишлари, иш жараёнимиз билан танишишлари мумкин.

Орзуим – Самарқандда кулолчилик мактаби ташкил этиш

Шариф Азимов бир неча йил Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларига кулолчиликдан сабоқ берди. Ҳозирда Самарқандда бўлса ҳам тез-тез пойтахтга бориб, ёшларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатиб келмоқда.

– Бадиий академия ташкил этилиб, илк аъзолар қабул қилинганда биз 66 нафар эдик, афсуски ҳозир 28 нафар қолганмиз, – дейди Шариф ака кўзига ёш олиб. – Жуда кўп сафдошларимиз, уста ва ҳунармандлар, рассомлар, асл санъатшунослар дунёдан ўтди. Юртимиз маданияти, санъати учун улардан бой мерос қолди. Лекин мени бошқа нарса ўйлантиради, яъни уларнинг издошлари борми, ишлари давом этадими? Шундан бироз дилим оғрийди. Талабаларга сабоқ бериш жараёнида, халқ амалий санъатининг бошқа турларини билмадиму, кулолчилик бўйича истеъдодли ёшлар бор экан. Шунисига ҳам шукр. Аммо ана шу истеъдодли йигит-қизларнинг бу ҳунар билан шуғулланиши, уни санъат даражасига кўтариши учун уларга шароит яратиб бериш лозим. Ўқитган талабаларим, шогирдларимнинг кўпи ишлашга имконият йўқлигидан бошқа ишлар билан шуғулланишяпти, тирикчилик ташвишида юрибдилар. Мен-ку, имконият борлиги учун уйимда шароит қилиб олганман – чархдан тортиб тегирмон, хумдонгача ўзимда бор. Бошқалар, айниқса, ёшларнинг ҳаммаси ҳам бундай устахона қилиб ололмайди-да. Бу борада уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, истеъдодини рўёбга чиқаришга шароит яратиш керак.

Самарқанд кулолчилик мактаби ёки шу йўналишда кафедра ташкил этиш менинг кўп йиллик орзуим. Чунки, кулолчилик 7 минг йиллик тарихга эга бўлса, Самарқанд кулолчилиги пайдо бўлганига 5 минг йилдан ошган. Халқ амалий санъатининг зарварағи кулолчилик ҳисобланади. Биз унинг айрим саҳифалари билангина танишмиз холос. Агар бу ишга фақат ҳунар деб эмас, чинакам санъат сифатида қарасак, нафақат халқимизнинг ўтмишини ўрганишимиз, балки бугун ва келажагимиз, сайёҳлик учун муҳим йўналишга эга бўламиз.

Одатда, уста ва ҳунармандлар ўз ишини фарзанд ва набиралари давом эттиришини истайди, бор маҳоратини уларга ўргатишга ҳаракат қилади. Бизнинг сулоламиздан ҳунарманд чиқмаган. Шунга қарамай, устозим уста Умар Жўрақулов менга кулолликни ўргатиб, оқ фотиҳа берган. Аллоҳга шукр, шу пайтгача ҳаётда қандай муваффақиятларга эришган бўлсам, шу ҳунар туфайли эришдим, озми-кўпми обрў-эътибор қозондим. Ўғлим ҳунар ўрганиб, ишимни давом эттиришидан кўнглим тўқ. Лекин мен бу кулолчиликни, Самарқанд кулолчилигидан ўнлаб, юзлаб ҳунармандлар давом эттиришини, уни санъат даражасига кўтаришини истайман. Бунинг учун неча ёшда бўлмай, хизмат қилишга, тажрибаларимни ёшларга ўргатишга тайёрман.

Ғолиб Ҳасанов.