Самарқандда “Маданий меросни асраш ва унинг туризм ривожига қўшган ҳиссаси” I халқаро илмий-амалий симпозиум ўтказилади

Жорий йилнинг 4-5 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш институти ҳамкорлигида “Маданий меросни асраш ва унинг туризм ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида I халқаро илмий-амалий симпозиум бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ўтказилмоқда.

Анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистоннинг вазирлик, идора ва ҳокимликлари, илмий доиралари, илмий-тадқиқот ва ўқув муассасалари, халқаро ташкилотларнинг 100 га яқин вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлар таклиф этилган.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – Ўзбекистоннинг, хусусан, Самарқанднинг археологик ва маданий меросини асраш ва оммалаштириш, туристик объектларнинг реконструкцияси ва реставрацияси бўйича хорижий мутахассислар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, реставрацион ишларни такомиллаштириш ҳамда меъморий меросни асрашга доир стратегик таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, маданий туризмнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишдан иборат.

Симпозиум дастуридан халқаро илмий-амалий конференция ўрин олган бўлиб, унда маданий меросни асраш ва унинг туризмни ривожлантиришга қўшадиган ҳиссасига оид долзарб масалалар кўриб чиқилади, хорижий экспертлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Тадбир доирасида маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда, Буюк Британия, Италия, Греция, Франция, Германия, Ҳиндистон, Япония, Хитой экспертлари, шунингдек, ЮНЕСКО ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакиллари маъруза ўқийди.

Тадбирлар давомида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканлари бўйлаб экскурсия уюштирилади. Ноёб архитектура ёдгорликларини асрашга масъул вазирлик ва идоралар вакиллари ўртасида конструктив мулоқот йўлга қўйилади. Тадбир якунига кўра, симпозиумдаги маърузалар ва тезислар асосида тўплам нашр этилади.