Самарқандда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ошди
2019-2020 ўқув йилида вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1 225 та умумий ўрта таълим мактабини 53 583 нафар ўқувчи битирди. Битирувчиларнинг 2 187 нафари касб-ҳунар техникумларига, 46 528 нафари олий таълим муассасалари (ОТМ)га ҳужжат топширди. Мактаб битирувчиларининг 4 596 нафари эса тадбиркорлик ва турли доимий иш билан шуғулланиш истагини билдирди.
Бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари томонидан мактаблар кесимида битирувчиларнинг ОТМга ўқишга кирганлиги ҳолати таҳлил қилинмоқда. 2020 йил 5 октябрь ҳолатига кўра, битирувчиларнинг 5 700 нафари олий таълим муассасалари талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди. Уларнинг 192 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.
Айни пайтга қадар олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари ОТМга ўқишга кириб, 81,1 фоизни ташкил этди. Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 45 нафар битирувчисидан 31 нафари (68,9 фоиз), Нарпай туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабининг 115 нафар битирувчисидан 61 нафари (53 фоиз), Қўшработ туманидаги 75-мактаб ва Нарпай туманидаги 26-мактаб битирувчиларининг 50 фоизи ОТМга ўқишга кирган. Вилоятдаги 7 та мактабнинг 40–49 фоиздан ортиқ битирувчиси, 24 та мактабнинг 30–38 фоиздан ортиқ битирувчиси ОТМга ўқишга кирган. Битирувчиларининг 20–29 фоизи ўқишга кирган мактабларнинг сони эса 84 тани ташкил қилмоқда.
Вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларининг ОТМга ўқишга кириш кўрсаткичлари ўтган ўқув йили билан қиёсланса, ижобий натижаларга эришилганини кўриш мумкин.
Ўтган 2018-2019 ўқув йилида вилоятдаги 1236 та мактабни 30 983 нафар ўқувчи 11-синфни битириб, уларнинг 2 556 нафари, яъни 8,2 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган. 2019-2020 ўқув йилида эса ОТМга ҳужжат топширган 46 528 нафар битирувчидан 5 736 нафари, яъни 12,3 фоизи ўқишга кирган.
Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида 356 та мактабдан бирорта ўқувчи ОТМга ўқишга кира олмаган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида бу кўрсаткич 145 тани ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларининг ОТМга ўқишга кириш кўрсаткичлари таҳлили мактаб ва туман, шаҳарлар кесимида давом этмоқда. Якуний натижаларга кўра, юқоридаги кўрсаткичлар янада ортиши кутилмоқда.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.