Самарқандда маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчидан 6 миллион сўмдан кўпроқ ундирилди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 4 июндаги ижро ҳужжатига асосан қарздор М.А.дан давлат фойдасига 6 миллион 125 минг сўм маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган ва ижро иши юритуви қўзғатилган.

Хўш, бу ҳужжат МИБ шаҳар бўлимига қандай келиб қолди?

Ҳуқуқбузар М.А. 2021 йил 20 май куни тахминан 21:30 соатларда ўз бошқарувида бўлган “Lasetti” русумли автомашинасида Самарқанд шаҳрининг Шоҳи Зинда кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётганида Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатиб текширилган. Маълум бўлишича, бу ҳайдовчи “Йўл ҳаракати коидалари”нинг 12-банди талабларини бузиб транспорт воситасини алкоголли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда бошқариб келган. Унга нисбатан воқеа жойида маъмурий баённома тузилган ва тегишли тартибда судга юборилган.

Қарздор ижро ҳужжати бўйича жаримани ихтиёрий равишда тўлаш юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор М.А. томонидан тўланиши лозим бўлган 6 млн. 125 минг сўм жарима пуллари тўлиқ тўлаб берилган. Мазкур ижро ҳужжати “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддасига асосан амалда ундирилиб тамомланди.

Эслатиб ўтамиз, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиш ва катта миқдордаги жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Илҳом Насриев,

МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси.