Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Учта туманда маст ҳолатда автомашина бошқариб, ЙПХ ходимига пора таклиф қилган ҳайдовчилар аниқланган

Вилоят ИИБ хабарига кўра, 16 январь куни соат 23:20ларда Каттақўрғон тумани ички йўлида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими "COBALT" русумли автомашинани давлат рақам белгисиз ҳамда тегишли ҳужжатларсиз бошқарганини аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган. Автомашина эса жарима майдонига жойлаштирилган.

Шундан кейин ЙПХ ходими ҳайдовчи У.К. унинг олдига келиб, унга нисбатан тузилган маъмурий баённомани йўқ қилиш ҳамда автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 400 АҚШ доллари таклиф қилаётганлигини, шу сабабли ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказиб, фуқаро У.К.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур билдирги юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилиб, ЙПХ ходимига Каттақўрғон тумани “Муллакичкина” МФЙда жойлашган Самарқанд вилояти 4-ЙПХ маъмурий биноси хизмат хонасида фуқаро У.К. 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Паст Дарғом ва Оқдарё туманларида ҳам қайд этилган. Паст Дарғом тумани ички йўлларида спиртли ичимлик ичган ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора таклиф қилган. Туман ички йўлида хизмат олиб бораётган 3-ЙПХ ходими ҳайдовчи О.Т. бошқарувида бўлган "COBALT" русумли автомашинасини маст ҳолатда бошқариб келаётганлигини аниқлаб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинасини жарима майдонига жойлаштирган.

Ҳайдовчи О.Т. унинг олдига келиб, баённомани йўқ қилиш ҳамда автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилаётганлигини, шу сабабли ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказиб, фуқаро О.Т. нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Тезкор тадбирда бу ҳайдовчи ҳам ушланган.

9 февраль куни Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобил йўлида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими ҳайдовчи О.Р. бошқарувида бўлган "COBALT" автомашинасини маст ҳолатда бошқариб келаётганлигини аниқлаб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинасини жарима майдонига жойлаштирган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи О.Р ўша ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХБ отряд гуруҳ командирининг олдига келиб, унга нисбатан тузилган маъмурий баённомани йўқ қилиш ҳамда автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 400 АҚШ доллари таклиф қилаётганлигини, шу сабабли ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказиб, фуқаро О.Рга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳайдовчи ҳам тезкор тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда учала ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Коррупция ҳолати ҳақида тегишли ташкилот масъулларига хабар берган ходимларга ташаккурнома эълон қилиниб, ИИБ томонидан пул мукофоти билан рағбатлантирилган.